Жавоб: Таълим ҳар қандай мамлакатда инсон капиталини ривожлантириш орқали барқарор тараққиётни таъминлайдиган муҳим омилдир. Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 50-моддасида давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятини белгиловчи норма мустаҳкамланди.
Таълим ташкилотларини, айниқса, нодавлат ёки хусусий боғча, мактаб, университетлар ва бошқа таълим ташкилотларини ташкил этиш, фаолият юритиши ва ривожланиши учун давлатнинг доимий, ҳар томонлама қўллови муҳим ўрин тутади. Ижтимоий давлатда давлатнинг асосий функцияларидан бири аҳолининг умумий илмий ва маърифийлик даражасини оширишга қаратилади. Бунда таълим ташкилотларининг етарли бўлиши ҳамда таълим сифати муҳим аҳамиятга эга.
Шу маънода давлат таълим ташкилотларини ривожланиши учун қанчалик шароит яратса, нодавлат таълим ташкилотларини ҳам ташкил этиш ва фаолият юритиши учун ундан кам бўлмаган ташкилий, ҳуқуқий шароитларни яратиш, моддий кўмак кўрсатиши шарт. Шу боис, хусусий таълим ташкилотларига кенг имтиёз ва преференциялар тақдим этилиб, ушбу соҳа ривожлантирилмоқда.
Буни қуйидагиларда кўриш мумкин:
2016 йилда 5211 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритган бўлса, бугунги кунда 6598 та давлат ҳамда 22 мингдан зиёд турли шакллардаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда.
2016 йилда 9719 та умумтаълим ташкилотлари фаолият кўрсатган бўлса ҳозирда уларнинг сони 10296 тага етди. 2016 йилда 21 та нодавлат умумтаълим ташкилотлари фаолият юритган бўлса, 2022 йилда улар 334 тага кўпайди.
2016 йилда 77 та олий таълим ташкилоти фаолият юритган бўлса,
2023 йилга келиб уларнинг сони 200 дан ошди. 2026 йилгача нодавлат олий таълим ташкилотлари сони камида 50 тага етказилади.
Нодавлат таълимни ривожлантиришга оид қоидалар Финляндия, Венгрия, Корея Республикаси каби давлатларнинг конституцияларида ҳам белгилаб қўйилган.
Ушбу янги норма давлат томонидан нафақат давлат, шу билан бирга, нодавлат боғчалар, мактаблар, олий таълим ташкилотларини ташкил этиш, фаолият юритишига шароит яратиш ва кафолатлаш каби вазифаларни амалга оширишни таъминлайди. Муҳими, болаларни боғчалар билан қамров даражаси ошади, хусусий мактаб ва университетлар кўпайиши орқали рақобат муҳити вужудга келади, пировардида таълим олиш имконияти кенгайиб, унинг сифатини оширишга эришилади.
Жавоб: Халқимиз ёшликда олинган билимни тошга уйилган нақшга қиёслайди. Зеро, таълимнинг бошланғич асоси бўлган мактабгача таълим инсон камолотида беқиёс аҳамиятга эга. Шу боис, сўнгги йилларда ушбу таълим тури тубдан ислоҳ этилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, боғча тарбияси нафақат боланинг ўзига, балки унинг ота-онасига ҳам, қолаверса, бутун жамият ҳаётига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Янгиланган Конституциямизнинг 50-моддасида давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади, деган муҳим норма мустаҳкамланди. Мазкур киритилган ўзгартиришларга кўра давлатга қуйидаги мажбуриятлар юклатилди:
биринчидан, давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади. Яъни, давлат томонидан ушбу таълим ташкилотларини ривожлантириш учун иқтисодий ва ташкилий, ҳуқуқий кўмак кўрсатилади. Сўнгги йиллардаги давлатнинг қўллаб-қувватлови натижасида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилдаги 27,7 фоиздан 71,8 фоизга, мактабгача таълим ташкилотлари сони 5211 тадан 29 мингдан зиёдга етказилди. 2022 йилда “Finance Inquirer” нашри болаларни мактабгача таълим муассасаларига жалб қилиш бўйича энг яхши динамикага эга бўлган дунёдаги энг пешқадам 10 та давлатни эълон қилди. Унда Ўзбекистон жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллади;
иккинчидан, мактабгача таълим ва тарбия ҳам давлат назоратида бўлиши белгиланди. Яъни, мактабгача таълим соҳасида болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш, ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, болаларни соғлом озиқ-овқат, сифатли тиббий парваришлаш хизмати ва бошқа моддий воситалар билан таъминлаш ишлари доимий назоратга олинади.
Мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга оид қоидалар Швейцария, Литва каби давлатларнинг конституцияларида ҳам белгилаб қўйилган.
Киритилган ушбу норма ҳар бир боланинг сифатли мактабгача таълим ва тарбия олиш ҳуқуқини кафолатлайди. Мактабгача таълим ва тарбия орқали болаларнинг ривожланишига асос яратади. Шунингдек, алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари бўлган болаларнинг сифатли таълим ва тарбия олишига шароит яратилади.
Жавоб: Фуқароларни, айниқса, соғлиғида муаммоси бўлган болаларни таълим ва тарбия олиши учун боғча, мактаб, олий таълим ташкилотларида махсус шароитларни яратиш ижтимоий давлатнинг вазифаларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июндаги Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда алоҳида эътиборга муҳтож бўлган болалар учун таълим муассасаларида инклюзив таълим ташкил этилади, деган қоидани Асосий қонунимизга киритишни таклиф қилган эди. Айни мақсадда, янгиланган Конституциямизнинг 50-моддасида таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади, деган муҳим ижтимоий аҳамият касб этувчи норма мустаҳкамланди.
Алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар сирасига жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган, шунингдек узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болалар киради.
2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш Концепциясига мувофиқ инклюзив таълим ихтисослаштирилган мактаблар ва биринчи маротаба умумий ўрта мактабларда ташкил этилади. Унга кўра, соғлиғида нуқсони бўлган болаларни фақатгина ихтисослашган мактабларда эмас, ҳамма қатори умумий мактабларда ҳам ўқишининг йўлга қўйилиши инсон қадри тамойилининг амалий ифодасидир.
Бугунги кунда ақли заиф, кар ва заиф эшитувчи, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи, таянч аъзоларида нуқсони бўлган 21 231 дан ортиқ болалар учун республикамизда 90 та ихтисослаштирилган мактаблар фаолият юритмоқда, Бундан ташқари, енгил даражадаги ногиронлиги бўлган 18 000 нафарга яқин ўқувчилар мактабларда соғлом болалар билан биргаликда ўқишмоқда.
Инклюзив таълимга оид алоҳида норманинг белгиланиши алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун таълим ва тарбия уларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилишига, таълим олиш жараёнида уларни бирор-бир шаклда камситишга йўл қўйилмаслигига хизмат қиалди ва пировардида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болаларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқининг тўлиқ амалга оширилиши таъминланади.
Жавоб: Мамлакатимиздаги таълим турлари тизимида умумий ўрта таълим марказий ўринни эгаллайди. Мактаб ҳар бир инсоннинг баркамол ва билимли шахс бўлиб вояга етишида муҳим аҳамиятга эга.
Янгиланган Конституциямизнинг 50-моддасида давлат бепул умумий ўрта таълим олишни кафолатлаши билан биргаликда умумий ўрта таълим мажбурий эканлиги ҳақида норма белгиланди.
Мазкур янги норманинг аҳамияти қуйидагиларда намоён бўлади:
биринчидан, интеллектуал авлод асри бўлган XXI асрда илм-маърифатсиз ҳар қандай жамият, иқтисодиёт барқарор ривожлана олмайди. Шу сабабли, ҳар бир инсоннинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш оила, жамият ва давлатга муайян мажбуриятларни юклайди;
иккинчидан, Ўзбекистон томонидан имзоланган кўплаб халқаро ҳужжатларда умумий ўрта таълим мажбурий эканлиги белгиланган. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг 26-моддасида бошланғич таълим мажбурий бўлиши белгиланган. Зеро, умумий ўрта таълимнинг мажбурийлигини белгилаш орқали аҳолининг саводлилик даражасини юксалтириш жаҳонда тан олинган усулдир;
учинчидан, мактабда ўқишнинг мажбурий эканлигини бажармаганлик учун қонунчилигимизда ота-оналар учун жавобгарлик белгиланган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасида болаларни тарбиялаш ва таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаганлик учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Бу вояга етмаганларнинг ўз вақтида ва сифатли таълим олишларини, ота-оналарнинг таълимга оид мажбуриятини таъминлашга қаратилгандир. Шунингдек, таълим олувчилар, уларнинг ота-оналари ва яқинларининг масъулиятини ошириш билан бирга, эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг мактабда пухта билим олиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб эл-юрт корига ярайдиган муносиб фарзанд бўлиб етишиши учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, умумий ўрта таълимнинг мажбурий эканлигига оид нормалар Италия, Болгария, Венгрия каби мамлакатлар конституцияларида мавжуд.
Жавоб: Янги Ўзбекистонда олий таълим тизими тубдан ислоҳ этилмоқда. Жумладан, хусусий олий ўқув юртлари очилмоқда, хорижий университетлар филиаллари сони ортмоқда, олис ҳудудларда ҳам университет филиаллари ташкил этилмоқда, 41 та давлат олий ўқув юртларига академик ва молиявий мустақиллик берилди.
Олий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида фаолият юритиши – уни маъмурий бошқаришдан тортиб то ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот жараёнини ташкил этишда академик эркинликка эга бўлишини тақозо этади. Шу муносабат билан, янгиланган Конституциямизнинг
51-моддасида “Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга”, деган қоида белгиланди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясида ҳам олий таълим муассасаларининг академик ва молиявий мустақиллигини таъминлаш олий таълимдаги асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Академик эркинлик – ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқини таркибий қисми бўлиб, олий таълим ташкилотларида таълим бериш ва илмий-тадқиқот ўтказиш эркинлигидир. Ушбу эркинлик ўқув жараёнини мустақил шакллантириш, профессор-ўқитувчиларни дарс ўтиш эркинлигида, илмий-тадқиқот мавзуларини мустақил танлаш ва тадқиқ этиш, унинг натижаларини нашр этиш ва тарқатиш, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар академик эркинлигини чекланмаслигида ва бошқаларда намоён бўлади.
Ўзини ўзи бошқариш – бу олий таълим ташкилотларида ўқув жараёнини ташкил этиш ва илмий тадқиқотлар ўтказиш, ташкилий-бошқарув, молиявий ва фаолияти билан бошқа масалалар бўйича қарор қабул қилишдаги мустақиллиги ва жавобгарлигини англатади.
Конституциямизга ушбу норманинг киритилиши олий таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятининг ривожланишига, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув ва илмий фаолияти мустақиллигини таъминлашга, ушбу соҳага ташқи аралашувни чеклашга хизмат қилади.
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев “...муаллимнинг обрў-эътибори – бу аввало миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътибори эканлиги”ни алоҳида эътироф этиб, Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказилган учрашувда устозга бўлган юксак эҳтиром Конституциямизда ўз ифодасини топиши зарурлиги ҳақидаги таклифни берган эди.
Шу боис янгиланган Конституциямизнинг 52-моддасида:
Биринчидан, ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ва бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилиши мустаҳкамланди.
Жамиятни инсон, инсонни эса таълим ва тарбия ўзгартиради. Миллат ва халқнинг ривожи, унинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, авваламбор, ўқитувчилар фаолиятига боғлиқ. Зеро, ўқитувчи аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган илм-фан сир-асрорлари, маънавий ва маданий меросни ёшларга етказишда муҳим бўғин ҳисобланади. Шу боис, мазкур норма Учинчи Ренессанснинг таянч устунларидан бири бўлган ўқитувчига рамзий маънода “миллат бунёдкори” мақомини бермоқда.
Иккинчидан, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилади, деган норма белгиланди.
Устозлар қадри юксалган юрт, албатта, барқарор ривожланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўқитувчи касбининг мақоми ва обрўсини кўтариш, муаллим ва устозларнинг қадри, шаъни ва ғурурини тиклаш, уларнинг моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватланишини таъминлаш, самарали меҳнат фаолияти учун муносиб шароитлар яратилмоқда. Хусусан, уларга имтиёзли истеъмол кредитлари берилиши, олис ҳудудларга бориб ишлаётган юқори малакали ўқитувчилар учун устамалар белгиланиши шулар жумласидандир.
Мазкур норма устоз ва мураббийлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, шаъни ва қадр-қиммати ҳимояланишига хизмат қилади.
Шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритаётган 700 мингга яқин ўқитувчиларни давлат томонидан профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланишини кучайтирилиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми ва обрўсини янада оширишга хизмат қилади.
Жавоб: Инсоният тамаддунининг ривожланиши доимо инсонлар ижодий фаолияти натижаси ўлароқ амалга ошган. Барча янгиликлар замирида, аввало, инсон ва унинг ақл-закавоти турганлиги боис конституцияларда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилади.
Амалдаги Конституциямизда асосий эътибор илмий, техникавий ижод масалаларига қаратилган бўлиб, бадиий ижод масаласи эътибордан четда қолган эди. Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 53-моддасида бадиий ижод эркинлигининг кафолатланиши белгиланди.
Адабиёт, санъат ва маданиятнинг жамият ҳаётидаги ўрни беқиёс бўлиб, фақат улар билангина миллат ва халқ, бутун инсоният безавол яшайди. Дарҳақиқат, бадиий ижод юқори ижтимоий аҳамият касб этиб, башарият олдида пайдо бўлаётган, биз илгари дуч келмаган ғоят мураккаб муаммоларни бартараф этишда, халқимиз маънавиятини юксалтириш, айниқса ёшларни умуминсоний ва миллий қадриятлар асосида тарбиялашда муҳим роль ўйнайди. Шу нуқтаи назардан, Асосий қонунимизда ҳар бир шахсга бадиий ижод эркинлигининг кафолатланиши миллий адабиёт ва санъатимизни янги асарлар ва номлар билан бойишига, маданият ва маънавиятимизни янада юксалтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур моддага “интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади” деган янги норма киритилди.
Интеллектуал мулк маҳсули бўлган рақамли технологиялар ва инновациялар XXI асрда мамлакат иқтисодиётини асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Бугунги кунда номоддий актив ҳисобланган интеллектуал мулк кириб бормаган ва таъсирига учрамаган бирор соҳа ва тармоқ қолмади.
Интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш, аввало, уни яратувчиси бўлган эгасининг барча ҳуқуқларини тан олинишини, ўз манфаати йўлида бемалол фойдаланишини ва турли тажовузлардан ҳимоя қилинишини англатади.
Интеллектуал мулк объекти эгаси уни бошқа мол-мулки сингари сотиш, мерос қилиб қолдириш, совға қилиш, ҳар қандай тарзда фойдаланишга рухсат бериш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга. Бугунги кунда интеллектуал мулк йирик даромад манбаи ҳисобланади. Масалан, Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукерберг, Гарри Поттер ҳақидаги китоблар муаллифи Джоан Роулинг интеллектуал мулкини тижоратлаштириши орқали йирик капитал эгаларига айланишган.
Мазкур нормани киритилиши интеллектуал мулкни бошқа кўчар ва кўчмас мол-мулк турлари каби Конституция даражасида ҳимоясини таъминлайди. Энг муҳими, интеллектуал мулк эгалари – ёзувчи, шоир, рассом, санъаткорлар, олимлар, тадбиркорлик субъектлари ва бошқаларни ўзлари яратган интеллектуал мулк натижасига нисбатан ҳуқуқларини кафолатлайди.
Жавоб: Ҳар кимга ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Шунингдек, ҳар бир шахс Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ, ўз ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар томонидан ҳимоя қилиниши учун мурожаат қилишга ҳақли эканлигини назарда тутади.
Янгиланган Конституциямизнинг 55-моддасида “Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли”, деган норма мустаҳкамланди.
Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаролар ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини, ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқни амалга оширишнинг ягона шарти – бу фуқаролар томонидан ўзини ҳимоя қилишда қўлланиладиган усуллар ёки чораларнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бўлишидир.
Масалан, Жиноят-процессуал кодексига кўра, суриштирувчи ва терговчи жиноий таъқиб остидаги шахснинг айбловдан ҳимояланиши ҳуқуқини таъминлаш доирасида қонунда кўзда тутилган барча усул ва воситалардан фойдаланиши учун реал имконият яратиши шарт. Лекин аслида халқаро стандарт мазмунига биноан, шахс ўзини қонунда тақиқланмаган ҳар қандай усул ва воситалар орқали ҳимоялаши мумкин. Яъни бунда “нимаики қонун билан тақиқланмаган бўлса, бунга рухсат берилган” халқаро қоидаси амал қилади.
Мазкур нормага ўхшаш қоидалар Руминия, Индонезия каби давлатлар конституцияларида ҳам ўз аксини топган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бундай норма киритилиши, ўз навбатида, бузилган хуқуқни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай усуллар билан, ўзгаларнинг хуқуқ ва манфаатларига дахл қилмаган холда ҳимоя қилишни ҳамда ҳар бир фуқаронинг ўзига тегишли бўлган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлашга хизмат қилади.
Жавоб: Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқининг кафолатланиши одил судловнинг ажралмас элементи ҳисобланади.
Жумладан, янгиланган Конституциямизнинг 55-моддасида инсоннинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш ҳуқуқини самарали амалга оширишга қаратилган нормалар мустаҳкамланди.
Мазкур қоидаларни Асосий қонунимизга киритилиши нима беради?
Биринчидан, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланмоқда.
Агар норманинг амалдаги таҳрири фақат давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилишни назарда тутса, эндиликда бошқа ташкилотлар, жумладан хусусий ташкилотларни ҳам қамраб олмоқда. Бундан ташқари, ушбу ташкилотларнинг нафақат ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари, балки ғайриқонуний қарорлари устидан ҳам судга шикоят қилиш имконияти берилмоқда.
Иккинчидан, ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқини кафолатловчи норма белгиланди.
Ҳар қандай шахс бузилган ҳуқуқи ёки қонуний манфаатини ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган тартибда тўғридан-тўғри умумюрисдикция ёки маъмурий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалигини конституциявий кафолатланиши инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиради. Ушбу ҳимоянинг самарадорлигини таъминлаш учун эса судлар шикоятларни қатъий процессуал тартиб-қоидаларга таяниб, оқилона муддатларда, тенглик, тортишув ва адолат принциплари асосида кўриб чиқишлари лозим.
Бундай нормалар Италия, Португалия, Сербия каби давлатлар конституцияларида мустаҳкамланган.
Мазкур нормага киритилган ўзгаришлар инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш доирасини кенгайтиришга, нафақат давлат органлари, балки бошқа хусусий ташкилотлар томонидан инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади.
Жавоб: Давлат ва шахс ўртасидаги муносабатларда шахс ҳуқуқ ва эркинликларининг муҳофаза этилиши ҳуқуқий давлатнинг муҳим вазифаларидан биридир.
Шу мақсадда янгиланган Конституциямизнинг 55-моддасида “Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга” эканлигига оид адолатли норма мустаҳкамланди.
Конституциямизга киритилган ушбу норма аҳамиятини қуйидагича изоҳлаш мумкин:
Биринчидан, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари туфайли шахсларга моддий ва маънавий зарар етказилиши ҳолатлари учраб туради. Масалан, давлат органларининг ноқонуний қарорлари сабабли фуқароларнинг уй-жойлари ва бошқа мулкларини асоссиз бузилиши уларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлади. Бундай шароитда, фуқаро етказилган зарарнинг ўрнини давлат томонидан тўлиқ қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шу боис, амалиётда судлар томонидан фуқароларнинг фойдасига давлат органларининг қонунга зид бўлган кўплаб қарорлари бекор қилиниб, етказилган зарар қопланмоқда. Биргина, 2022 йилда 4645 та давлат органлари қарорлари суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилган ва етказилган зарар ундирилган.
Иккинчидан, давлат органлари ёки уларни мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли фуқарога етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши таъминланади. Масалан, амалиётда суриштирув ёки тергов жараёнида мансабдор шахслар томонидан фуқарога нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала натижасида унинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар ҳам давлат томонидан қоплаб берилади. Шу билан бирга, давлат фуқарога тўлаб берилган маблағни зарар етказган мансабдор шахсдан ундириш чораларини кўради.
Шу каби нормалар Франция, Болгария, Венгрия каби давлатлари конституцияларида ўрин олган.
Ушбу норманинг белгиланиши, биринчидан, давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан шахсларга нисбатан ғайриқонуний қарор ёки хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олади, иккинчидан, шахсларга етказилган зарарни ўз вақтида ва тўлиқ қоплаб берилишини таъминлайди, учинчидан, етказилган зарарни мансабдор шахслар шахсий маблағи ҳисобидан қоплашга мажбур қилади.