narrator-icon
100 та саволга 100 та жавоб

Жавоб: Ҳуқуқий давлат – инсониятнинг минг йиллар мобайнидаги машаққатли меҳнати эвазига шаклланган тараққиёт ғояси бўлиб, ҳуқуқ нормаларига, инсоннинг қадр-қиммати, эркинлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратирилган  фундаментал ҳуқуқий принципларига сўзсиз риоя қиладиган, демократик принциплар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлатдир.

Бугун Янги Ўзбекистон инсонпарвар, адолатли, эркин ва халқчил бўлган ҳуқуқий давлат қуриш йўлида одимламоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Фақат ҳуқуқий давлат шароитидагина инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қимматини тўлиқ таъминлаш, том маънода халқпарвар бошқарув тизимини шакллантириш мумкин”, деб таъкидлаган эди.

Шу мақсадда, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 1-моддасида “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” деган тамойил мустаҳкамланди.

Конституцияда Ўзбекистонни ҳуқуқий давлат эканлигини алоҳида белгилаш – давлат ўз фаолиятини, жамият ва фуқароларнинг яшаш тарзини фақат Конституция ва қонунлар асосидагина амалга оширилишини таъминлайди. Пировардида, давлат органлари ва мансабдор шахслар қонун устуворлиги асосида халқ манфаатлари учун ишлайди, унга хизмат қилади.

Янгиланган Конституциямизнинг бошқа нормаларида ҳам ҳуқуқий давлат принципини рўёбга чиқаришга қаратилган механизмлар ва кафолатлар мустаҳкамланди. Биринчидан, давлат фаолияти қонун устуворлиги,  қонунийлик принципи асосида амалга оширилишини таъминлаш бўйича Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳамда унинг тўғридан-тўғри амал қилиши белгиланди. Натижада давлат органлари, шу жумладан, судлар ўз фаолиятида Конституцияга тўғридан-тўғри мурожаат қилган ҳолда қарорлар қабул қилади. Иккинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ ва Конституция нормаларига мувофиқ кафолатланмоқда, улар қонунчилик ва давлат органлари фаолиятининг мазмунини белгилаши мустаҳкамланди. Шунингдек, инсонга нисбатан давлатнинг ҳуқуқий таъсир чоралари қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши шартлиги ва инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши мустаҳкамланди.

Франция, Германия, Испания, Туркия каби давлатлар конституцияларида ўзини ҳуқуқий давлат деб белгилаган.

Мазкур янгилик барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан хеч ким устун эмаслигини таъминлаш, инсонлар онгига қонунларга ҳурмат ва итоат этиб яшаш лозимлигини сингдириш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Ҳуқуқ устуворлиги индекси”, “Жаҳон мамлакатлари демократияси индекси” каби халқаро нуфузли рейтингларда ўрнини яхшиланишига имкон беради.

Жавоб: Ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун фаровон турмуш даражаси, хусусан сифатли таълим, кафолатли тиббий хизмат, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизими яратилган, уй-жойли бўлиш шароити мавжуд бўлган, ижтимоий тафовутлар юмшатилган, мувозанатлашган, ҳеч бир фуқаро ўз муаммолари билан ёлғиз қолмайдиган адолатли давлатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Асосий қонунимизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни мустаҳкамлашни таклиф этаман. Чунки “инсон қадри” тушунчаси “ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир. Ушбу ғоянинг туб негизида ҳам аввало инсон қадрини улуғлаш, инсонга хизмат қилишдек олижаноб мақсад мужассамдир”, деб таъкидлаган эди.

Янгиланган Конституциямизда ижтимоий давлат моделини амалга ошириш механизмлари белгиланди. Биринчидан, Конституциямизда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятлари, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда инсоннинг муносиб яшашини (озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, коммунал, транспорт, алоқа ва бошқалар) таъминлаш ҳисобга олиниши алоҳида белгиланди. Иккинчидан, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш бўйича мажбуриятлар олмоқда. Учинчидан, фуқароларнинг кафолатланган тиббий ёрдамга бўлган ҳуқуқлари белгиланди ва давлатнинг таълимнинг барча шаклларига ғамхўрлик қилиши, инклюзив таълимни таъминлаши, ўқитувчининг мақомига оид нормалар мустаҳкамланди. Тўртинчидан, ижтимоий давлатнинг асосий вазифаси сифатида барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид янги қоидалар ўрнатилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий давлат тамойилини амалга оширишга қаратилган янги вазифа ва ваколатлари белгиланди. Умуман олганда, янгиланган Конституцияда давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари уч баравардан ортиққа кўпайди.

Ижтимоий давлат принциплари Германия, Франция, Испания, Хорватия, Туркия ва бошқа бир қатор давлатлар конституцияларида мустаҳкамланган.

Ўзбекистонни ижтимоий давлат деб белгилаш –таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ва жамиятдаги ижтимоий тенгсизликни юмшатиш, айниқса ижтимоий ҳимояланмаган ёки эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш орқали уларга муносиб турмуш шароитини яратишга хизмат қилади.

Жавоб: Дунёвий давлат – диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ҳамда давлат ҳокимияти диндан ажратилган, давлат бошқаруви диний қоидалар билан эмас, балки Конституция ва қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган, қарорлар қабул қилишда диний асосларга таянилмайдиган давлат ҳисобланади.

Дунёвий давлат виждoн вa эътиқoд эркинлигининг мaвжудлиги, дaвлaтнинг жамият ҳаётида фуқаролар томонидан эътиқод қилинаётган динлaргa тенг ва бирдек бетaрaф мунoсaбaтдa бўлиши ҳамда ҳеч қайси диннинг давлат дини сифатида ўрнатилмаслиги билан тавсифланади. Дунёвий давлат фуқароларга таълим олиш, шахсий ривожланиш йўлини мустақил танлаш имкониятини яратиш ҳамда илм-фан ва маданий тараққиётда ижодий эркинликни таъминлашни кўзда тутади.

Дунёвий давлатда дин давлатдан ва сиёсатдан ажратилса-да, жамиятдан ажратилмайди, балки инсонларнинг маънавий ва руҳий камолотга эришишининг омили бўлиб ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, дунёвийлик – даҳрийлик эмасдир, айни пайтда дунёвий давлат даҳрийликка тарғиб этувчи давлат эканлигини англатмайди. Аксинча, дунёвий давлатда барча учун виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи таъминланади, турли дин вакилларига тенг имконият яратиб берилади ҳамда диний эътиқодни чуқур ҳурмат қилган ҳолда, дунёвий тараққиёт йўлидан борилади. Энг муҳими, дунёвий давлат барча динлар учун нафақат тенг шароитлар яратиб беришни, балки фуқароларга таълим олиш, шахсий ривожланиш йўлини мустақил танлаш имкониятини яратиш ҳамда илм-фан ва маданий тараққиётда ижодий эркинликни таъминлашни кўзда тутади.

Умумий маънода давлат дунёвий давлатда диний масалаларда расман бетараф бўлади ёки диний масалаларга аралашишдан ўзини тияди. Дунёвий давлатнинг муҳим хусусиятларидан бири – турли дин вакилларининг бағрикенглик ва тинч-тотувликда яшашидир. Жамиятда турли-туман дин ва маданиятлар вакиллари мавжуд бўлган ҳолда, давлат бошқаруви ва сиёсати, албатта бир мафкурага ёки диний қарашга асослана олмайди. Бундай шароитда ҳар бир давлат учун энг адолатли ва тўғри йўл – дунёвий давлат йўлидир.

Дунёвий давлат принциплари кўплаб хорижий мамлакатлар конституцияларида (Туркия, Озарбайжон) мавжуд. Масалан, ўз конституциясида ушбу принципни белгилаган Туркия тажрибаси ҳам шундан далолат беради-ки, дунёвий тараққиёт ва барча демократик тизимларда дунёвий давлатнинг асосий принципларидан бири – виждон эркинлиги кафолатланган.

Ўзбекистонда 16 та диний конфессияга мансуб 2300 дан ортиқ диний ташкилотлар фаолият юритмоқда. Турли диний эътиқодга мансуб аҳолига эга давлатда эътиқод эркинлигининг кафолатланиши сиёсий ва ҳуқуқий аҳамият билан бирга, ижтимоий аҳамиятга эга. Шу боис, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслиги ҳуқуқига эгалиги, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган бўлиб, шахснинг диний эътиқоди бўйича унга қўшимча ҳуқуқ ёки мажбуриятлар юкланмайди.

Ўзбекистонни дунёвий давлат сифатида белгилаш – дунёвий тараққиёт, турли дин ва мазҳаблар ўртасида бағрикенглик ва тотувликни мустаҳкамлашга, диний бирлашмаларнинг мустақил фаолият юритишига, дин ва эътиқод эркинлигини таъминлашга хизмат қилади.

Жавоб: Барқарор ривожланиш деганда – иқтисодий, ижтимоий ва экологик вазиятни ҳар томонлама яхшилаш орқали ҳаёт тарзини яхшилаш ва турмуш фаровонлигини ошириш, адолатли ва барқарор жамият қуриш тушунилади.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ижтимоий давлат принциплари асосида инсон қадрини юксалтириш, камбағалликни қисқартириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш каби барқарор ривожланишга эришишга қаратилгандир.

Шу боис, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 14-моддасиДавлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади», деган мазмунда баён этилиб, барқарор ривожланишни таъминлаш давлат фаолиятининг асосий вазифаси сифатида белгиланди.

Ушбу норма киритилишининг зарурати, энг аввало, республикада барча соҳаларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ҳамда давлат бюджетини шакллантиришда, солиқларни белгилашда, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда давлатнинг халқ олдидаги вазифаларини етарли даражада бажаришдан иборатдир.

Давлат ўз фаолиятини жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида амалга оширади деб белгиланишида ижтимоий давлат ғояси ўз ифодасини топаётганлигини кўриш мумкин.

Мамлакатимизда 2030 йилгача даврга бўлган Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда аҳоли фаровонлигини ошириш, соғлом турмуш тарзи, сифатли таълим, гендер тенглик, барқарор инфратузилма, хавфсизлик ва экологик барқарорликни таъминлаш, шунингдек бандликни ошириш, тенгсизликни барча кўринишларда қисқартириш, иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши курашиш, барча учун имкониятлардан фойдаланиш каби муҳим мақсад ва вазифалар белгиланган.

Давлат ўз фаолиятини жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадини амалга оширади деган ўхшаш нормалар Япония, Нидерландия каби давлатлар конституцияларида ҳам белгиланган.

Жавоб: Янгиланган Конституциямизнинг 14-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, “Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади”, деб белгилаб қўйилди. Бу билан Конституциямизда илк маротаба “ижтимоий бирдамлик” тушунчаси белгиланди.

Ижтимоий бирдамлик ижтимоий давлатнинг муҳим белгиси сифатида жамиятни бирлаштирадиган ва мустаҳкамлайдиган, инсонларни умумий мақсад йўлида сафарбар қилувчи, инсонлар ўртасида ўзаро боғлиқликни таъминлашга қаратилган муносабатлар, жамиятни биргаликда ривожлантириш принципидир.

Ушбу принцип XIX аср охири XX аср бошларида пайдо бўлган ижтимоий бирдамлик назарияси асосида келиб чиққан бўлиб, Германия, Франция, Италия, Испания ва Польша каби мамлакатлар конституцияларида давлат фаолиятининг асосий принципларидан бири сифатида мустаҳкамланган.

Мазкур принцип жамият ҳаётида тинчлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик туйғусини мустаҳкамлашга, умумхалқ манфаатларини юзага чиқаришга, пировардида одамлар ўртасида ижтимоий бирдамликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ижтимоий бирдамлик жамиятда ҳеч бир инсонни орқада ёки ўз муаммолари билан ёлғиз қолиб кетмаслигини ҳамда инсонларни бир-бирига ўзаро ёрдам кўрсатишга асосланган ривожланишни таъминлайди.

Ушбу принцип фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч туйғусини уйғотиб, инсон-жамият-давлат манфаатлари йўлида белгиланган вазифаларни бажаришда яқиндан ҳамкорликни таъминлайди.

Жамиятда ижтимоий бирдамликни амалга оширишда молиявий-иқтисодий механизмлар ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан,  ҳудудлараро мутаносиб ижтимоий- иқтисодий ривожланишни таъминлашни ва эҳтиёжманд аҳолини иқтисодий қўллаб-қувватлашда бюджетдан молиялаштиришнинг татбиқ этилишида ҳам намоён бўлади.

Энг муҳими, ижтимоий бирдамлик принципининг Конституциямизга киритилиши Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатларни Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида, уларнинг миллати, тили, дини, жинси, ижтимоий келиб чиқиши ҳамда жамиятдаги мавқеидан қатъий назар, ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Янада соддароқ айтганда, ушбу норма жонажон Ватанимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун фуқароларимизни бирдамлик ва бирлашишга чорлаб, уларни камбағалликдан чиқариш, оилавий ёки бошқа шароитига кўра қийин аҳволда қолганларга кўмак бериш, беморлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш каби азалий қадриятларимизни янада мустаҳкамлайди.

Жавоб: Конституциянинг энг асосий юридик хусусиятларидан бири – унинг олий юридик кучга эга эканлигидир. Шу боис, янгиланган Конституциянинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, деган устувор қоида белгиланди.

Конституция олий юридик кучга эга деганда – қонунчилик ҳужжатларининг тизимида (иерархиясида) энг юқори ўринда туриши ҳамда унинг бошқа ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устунлиги тушунилади.

Шу ўринда, Асосий қонунимизнинг Муқаддимасида “халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари устуворлиги тан олинганлиги” учун Конституция ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилинишида халқаро ҳужжатларга мувофиқликка эътибор қаратилади.

Қонунчилик ҳужжатларига Конституция, қонунлар, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Президент фармон, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, вазирлик ва идоралар буйруқлари ҳамда қарорлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари киради. 

Конституциянинг олий юридик кучга эканлиги унинг сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатлиги, парламентда қабул қилинишининг алоҳида тартибига эга эканлиги ёки умумхалқ овози (референдум) асосида қабул қилиниши, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий стратегик йўналишларини, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашида ҳам намоён бўлади. 

Конституция олий юридик кучга эгалигини белгиловчи нормалар АҚШ, Япония, Сингапур, Бразилия каби давлатлар конституцияларида ҳам мавжуд.

Ушбу қоида барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мансабдор шахсларини фақат Конституцияга мувофиқ иш кўришга, қарорлар қабул қилишга мажбур қилади, фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларининг бошқа қонун ҳужжатлари билан чекланиши ёки чегараланишини олдини олади.

Жавоб: Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши ва мамлакатнинг бутун ҳудудида қўлланилиши ҳуқуқий давлатнинг муҳим ва асосий шартларидан биридир.

Барча давлат органлари, мансабдор шахслар, фуқароларнинг янги конституциявий норма ва принципларга оғишмай амал қилиши, Конституция тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат бўлиши шартлиги, давлат органлари, айниқса, судлар ўз фаолиятида Конституцияга тўғридан-тўғри мурожаат қилиши, унинг нормаларига асосланиб иш кўриши зарур.  

Шу боис, янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади, деган норма белгиланди.

Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши – давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, судлар томонидан Конституция нормаларини ҳуқуқни қўллаш амалиётида бевосита қўллаган ҳолда қарорлар қабул қилиш, фуқароларнинг Конституция нормаларидан тўғридан-тўғри фойдаланиши ва риоя этишини кўзда тутади. Жумладан, вазирликлар, ҳокимликлар судлар, прокуратура, ички ишлар органлар ва бошқа давлат органлари, мансабдор шахслар муайян бир ҳолат ёки иш юзасидан Конституцияда белгиланган нормаларни аниқ кўрсатган ҳолда қарорлар қабул қилади.

Фуқаролар эса кундалик ҳаётда Конституцияда белгиланган нормаларга мурожаат қилган ҳолда ўз ҳуқуқ ва эркинларини амалга оширади. Масалан, Конституциянинг 47-моддасига киритилган қоидага асосан, суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди. Мазкур ҳуқуқ бузилса фуқаро айнан Конституцияда менинг ҳуқуқим кафолатланган деб, тегишли ўз ҳуқуқини тиклаши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, конституциянинг тўғридан-тўғри таъсирини таъминлаш тизими асосий қонун нормаларининг бевосита қўлланишини ҳимоя қилишга йўналтирилган бўлиши керак.

Ушбу норманинг киритилиши натижасида кундалик ҳаётимизда бирон имтиёз ёки ҳуқуқдан фойдаланмоқчи бўлганда, давлат органлари ходимлари томонидан “ҳали тартиби ишлаб чиқилмаган” ёки “юқоридан бизга кўрсатма ёки буйруқ берилмаган” қабилидаги баҳоналар конституцияда белгиланган нормаларга нисбатан қўлланилмайди.

Конституцияга киритилган мазкур қоида орқали Конституция нормалари уларни қўллаш тартиби алоҳида қонунчилик ҳужжатларида мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар тўғридан-тўғри амал қилишига эришилади.

Жавоб: Ҳуқуқий тизим ҳуқуқ соҳаларининг тузилиши, ўзаро алоқаси ва муносабатини очиб бeрадиган тушунчадир.

Таъкидлаш лозимки, янгиланган Конституциямизнинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир деган норма мустаҳкамланди.

Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини қамраб олган, биргина инсон ҳуқуқларига оид 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга қўшилган.

1969 йил 23 майдаги “Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисида”ги Вена конвенциясига биноан халқаро шартнома – битта ёки бир-бири билан боғлиқ бўлган бир нечта ҳужжатдан иборат бўладиган, шартнома, битим, конвенция, акт, пакт, баённома, хатлар ёки ноталар алмашинуви ҳамда халқаро шартноманинг бошқача номлари ва тузилиш усулларидан қатъи назар, хорижий давлат, халқаро ташкилот билан ёзма шаклда тузилган, халқаро ҳуқуқ билан тартибга солинадиган халқаро келишув ҳисобланади.

Германия, Франция, Испания, Словения ва бир қатор бошқа давлатлар конституциявий амалиётида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари миллий ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги белгиланган.

Ўзбекистон ва бошқа давлатларда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини ҳуқуқий тизимнинг таркибий қисми сифатида белгиланиши тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунлар, халқаро шартномаларни ратификация ёки уларга қўшилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топади.

Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида давлатимизнинг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари билан бир қаторда, Ўзбекистон ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги конституциявий тарзда ифода этилиши давлатимизнинг халқаро миқёсидаги нуфузи янада ошишини, фуқароланинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари асосида ҳимояланишини таъминлайди.

Жавоб: Конституциямизнинг биринчи бўлимида белгиланган асосий принциплар, мамлакатимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тизимининг асосий устунлари сифатида намоён бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2020 йил
29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “ҳаёт олдимизга яна қанча синов ва муаммоларни қўйиши мумкин ва биз ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз зарур. Лекин қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз”, деб алоҳида таъкидлади.

Шуларни инобатга олиб, демократик ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш учун муҳим ҳуқуқий кафолатлар яратиш мақсадида янгиланган Асосий Қонунимизнинг 16-моддасида Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқ ва манфаатларига, ушбу Конституциянинг биринчи бўлимида назарда тутилган асосий принцип ва нормаларга зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас, деб қатъий белгиланди.

Бош қомусимизнинг асосий принципларини давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, Конституция ва қонуннинг устунлиги, ташқи сиёсат ташкил этади. Мазкур асосий принциплар устувор конституциявий тамойиллар бўлиб, Асосий қонунимизнинг бутун мазмун-моҳиятини белгилаб беради, сиёсий-ҳуқуқий тизимимизнинг асосий устунлари, давлатчилигимизнинг пойдеворини ифода этади.

Конституциямизда давлатчилигимизнинг пойдеворига зарар етказиши мумкин бўлган хатарларни бартараф этишга йўналтирилган кафолат, фавқулодда муҳим аҳамият касб этувчи раҳбарий қоидалар белгиланди.

Таъкидлаш лозимки, ўхшаш нормалар Туркия, Венгрия каби давлатларнинг конституцияларида акс этган.

Ушбу янги конституциявий норма бутун сиёсий-ҳуқуқий тизимимизни мустаҳкам ҳимояси, Конституциямизни тўғри талқин қилиниши, фуқароларимиз ва жамиятимиз фаровонлиги, мамлакатимизнинг демократик ва барқарор ривожини таъминлаш учун муҳим конституциявий кафолат яратади.

ЖавобДавлатларнинг ҳудудий яхлитлиги давлат ва унинг суверенитетининг муҳим шарти, халқаро ҳуқуқнинг асосий принципларидан биридир. Куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш натижасида бирор-бир давлат ҳудуди ёки унинг бир қисмини эгаллаб олиниши тан олинмайди.

Таъкидлаш лозимки, янгиланган Конституциямизнинг 17-моддасида “давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги” Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий принципларидан бири сифатида белгиланди.

Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принципи дастлаб, 1945 йилда қабул қилинган БМТ Уставида белгиланган, кейинчалик БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳужжатларида, хусусан, БМТ Уставига мувофиқ давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликка оид халқаро ҳуқуқ тамойиллари тўғрисидаги Декларацияда (1970 йил) такомиллаштирилган.

Мазкур принципга кўра, ҳар қандай давлат бошқа давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши, унинг суверенитети, миллий бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини қисман ёки тўлиқ бузишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим. Бундан ташқари, давлатлар ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари бирор-бир давлат ҳудудига, унинг бир қисмига ёки ресурсларига куч билан ёки куч ишлатиш таҳдиди билан бевосита ёхуд билвосита тажовуз қилмасликлари шарт. Бунда давлатлар алоҳида давлат ҳудуди ёки унинг бир  қисмига зиён етказувчи ҳар  қандай ҳаракатлардан тийилишлари ва бузғунчи давлатлар ва уларнинг шерикларини қўллаб-қувватламасликлари лозим.

Ҳудудий яхлитлик принципига мувофиқ, нафақат Ўзбекистон бошқа давлатларни, балки давлатлар ҳам мамлакатимиз чегаралари дахлсизлигини ҳурмат қилиши лозим.

Ҳозирги таҳликали даврда давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш принципига амал қилиш – ташқи сиёсатда барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилидир.

Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принципи деярли барча давлатлар, шу жумладан, Германия, Франция каби давлатлар конституцияларда ўз ифодасини топган. 

Мазкур принципнинг Конституцияга қўшилиши Ўзбекистоннинг дунёдаги барча бошқа давлатлар ҳудудий яхлитлигини тан олиши ва ҳурмат қилишини, ички ва ташқи сиёсатда яхши қўшничилик, ўзаро ишонч, дўстона алоқаларни ривожлантиришни, сарҳадларимиз осойишталигини, халқимиз хавфсизлигини, тинч-тотув ҳаёт кечириши ва ривожланишимизнинг барқарорлигини таъминлайди.