Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йилнинг 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мослигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқиш Конституциявий суднинг ваколати сифатида Конституцияда акс эттирилиши лозим”лигини таъкидлаб ўтди.
Шу муносабат билан, янгиланган Конституциямизнинг 133-моддасига фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканлигига оид махсус норма қўшилди.
Конституцияга киритилган мазкур норманинг фуқаролар ҳамда юридик шахсларга конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Конституцияга мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобланганда, агар судда ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, Конституциявий судга шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқини беради
2022 йил давомида Конституциявий судга жами 1 376 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 1 299 таси жисмоний шахслар, 77 таси юридик шахслар томонидан юборилган. Мурожаатлар Конституциявий суд судьялари томонидан ўрганиб чиқилиб, муаллифларга асослантирилган тушунтиришлар берилган. Судья ва экспертлар томонидан 83 нафар фуқаро ва юридик шахсларнинг вакиллари Конституциявий судда қабул қилинди, уларнинг мурожаатлари юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган. Конституциявий судда фуқароларнинг мурожаатларини бевосита қабул қилиш мақсадида “Фуқароларнинг онлайн қабули” портали ишга туширилди. Шунингдек, мазкур норма киритилиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали воситалардан бири бўлган конституциявий шикоят институтини Конституция даражасида мустаҳкамлайди.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи Бельгия, Венгрия, Германия, Латвия каби хорижий давлатлар конституцияларида ҳам белгиланган.
Фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилаётганлигини аҳамияти шундаки, Конституцияга зид бўлган қонунлар амалиётда қўлланилаётган бўлса, уларни ўз вақтида Конституцияга мувофиқлигини таъминлашга, Конституцияга номувофиқ қонунлар билан келгусида бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишини олдини олишга, шунингдек Конституция устунлигини таъминлашга, Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Жавоб: Ўзбекистон Конституциясига судлар ва судьялар мустақиллигини, судьялар ва улар оила аъзоларининг дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг ваколатларини кенгайтириш, моддий ва молиявий таъминотини яхшилашга оид бир қатор янги нормалар киритилди.
Зеро, ҳуқуқий демократик давлатда суд ва судьялар амалда мустақил бўлсагина қонунийлик таъминланади, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланади.
Конституциямизга киритилган 136-моддага кўра, “Судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга, унинг ваколатларини бекор қилишга ёки тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилади. Суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас”.
Конституцияга киритилган янги нормаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти шундан иборатки:
биринчидан, судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга, унинг ваколатларини бекор қилишга ёки тўхтатиб туришга фақатгина қонунда белгиланган тартиб ва асосларга кўра йўл қўйилади. Бу дегани, судья ўзи олиб бораётган бирон бир ишни кўриш даврида ушбу ишдан четлаштирилишига йўл қўйилмайди. Масалан, судья ёки судьялар таркиби бир жиноят ишини бошидан охиригача кўриб чиқиб, ҳукм чиқаргунига қадар ушбу жиноят ишини кўриб чиқиш ваколати улардан олиб қўйилмайди.
Иккинчидан, судьянинг бошқа лавозимга ўтказишга фақатгина қонунда белгиланган тартиб ва асосларга кўра йўл қўйилади.
Учинчидан, судьяни лавозимидан озод этиш учун асос сифатида суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши сабаб бўла олмайди.
Дарҳақиқат мазкур нормани киритишга зарурият ҳам шундан иборатки, аввало судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг дахлсизлиги конституциявий даражада мустаҳкамланади, судьянинг ваколатлари қонунда белгиланган тартибдан ҳамда асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин эмаслиги кафолатланади.
Шунингдек, бундай қоидалар Испания, Италия, Хорватия, Португалия, Греция конституцияларида хам ўз ифодасини топган.
Мазкур қоиданинг Конституцияда белгиланиши энг аввало, судьянинг мустақиллигини, судларда иш кўришда холислигини таъминлашга, хусусан муайян ишни бошидан охиригача турли аралашув ва тазйиқларсиз бир судья томонидан кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш имкониятини яратади.
Жавоб: Мустақиллик йилларида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, суд ишлари юритилишини такомиллаштириш, судлар фаолиятининг моддий-техник ва молиявий таъминлаш, фуқаролар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди.
2021 йилгача судьялар, суд аппарати ва судьялар ҳамжамияти органлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг 40-60 фоизи Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб келинган эди. Ушбу жамғарманинг маблағлари асосан жиноий, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар томонидан кўриб чиқиладиган ишлар бўйича тўланадиган давлат божлари, жарималар, ижро иши бўйича ундириладиган ажратмалар, вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар ҳисобидан шаклланади. Судлар фаолиятини молиялаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш турли жарималар ва божларга боғлаб қўйилганлиги боис, 2021 йилдан суд тизими тўлиқлигича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш белгиланди.
Судларни молиялаштириш республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши 2021 йил 28 июлда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги Қонунда ҳам ўз аксини топган.
Шу муносабат билан, нуфузли халқаро ташкилотлар тавсиялари ҳамда кўпгина илғор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, янгиланган Конституциямизнинг 140-моддасида “Судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан амалга оширилади ва у одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак” деган муҳим норма белгиланди.
Ушбу қоиданинг Конституцияда белгиланишининг аҳамияти шундаки, биринчидан, молиявий жиҳатдан судлар ва судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминланишига; иккинчидан, суд тизимининг мустақил ва мустаҳкам моддий-техник базасини шакллантиришга; учинчидан, энг муҳими судларнинг моддий-техник таъминоти, жумладан ойлик иш хақлари фуқаролардан ундириладиган жарималар ёки давлат божлари ҳисобидан эмас, айнан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга хизмат қилади.
Судлар фаолиятини молиялаштириш давлат бюджетидан амалга оширилишига оид қоидалар Молдова, Қозоғистон конституцияларида ҳам ўз аксини топган.
Жавоб: Адвокатура одил судловнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. БМТ Конгрессида қабул қилинган “Юристлар ролига оид асосий принциплар”да адвокатура институтини такомиллаштириш демократик, ҳуқуқий тараққиётнинг бирламчи шарти эканлиги қайд этилган.
Зеро, давлат органларининг бирон-бир ҳуқуқ нормасини қўллашда ўз ваколатидан четга чиқишини тийиб турувчи мустаҳкам механизм керак бўлади. Инсоният тарихида муваффақиятли синовдан ўтган бундай куч эса фуқаролик жамияти – нодавлат нотижорат ташкилотларидир.
Давлат эса, табиатан нодавлат, мазмунан нотижорат тизим бўлмиш адвокатура институтини мустаҳкамлашдан манфаатдор. Чунки давлатнинг энг муҳим фунцияларидан бири ҳар бир шахсни малакали юридик ёрдам билан таъминлашдир. Малакали юридик ёрдамга бўлган эҳтиёж давлатнинг жамият манфаатлари йўлида адвокатура институтини ҳар томонлама ривожлантиришини тақозо этади.
Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 141-моддасига “Жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади”, деган янги норма киритилди.
Эътиборлиси, адвокатура институтининг мақоми Конституция даражасида мустаҳкамланди. Барчага малакали юридик ёрдам кафолатланмоқда. Бинобарин, малакали юридик ёрдам ҳар қандай шахс ёки давлат органи ходими томонидан эмас, балки тегишли малака ва лицензияга эга адвокатлар томонидан амалга оширилади.
Таклиф этилаётган нормада адвокатура фаолиятининг асосий принциплари белгиланди. Хусусан, ягона касбий бирлашмаси сифатида адвокатурага оид барча масалалар бевосита адвокатлар томонидан ҳал этилишини назарда тутувчи – ўзини ўзи бошқариш принципи белгиланди. Бу эса, адвокатлар касбий мустақиллигининг асосий кафолати ҳисобланади.
Яна бир янгилик. Ўзини ўзи бошқариш принципини адвокатуранинг мустақиллигисиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар бир-бирини тақозо этади ва тўлдиради. Шу боис, барча адвокатларнинг орзу-умиди бўлмиш мустақиллик принципи конституциявий даражада белгиланди.
Айни пайтда, конституцияда адвокатлик фаолиятида қонунийлик принципи ҳам назарда тутилмоқда. Бу эса, том маънода, давлат органларининг адвокатуранинг ички ишларига аралашишини олдини олишга хизмат қилади.
Адвокатурага оид нормалар Бразилия, Италия, Испания каби мамлакатларнинг Конституцияларида ҳам мустаҳкамланган.
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда суд ва ҳуқуқ муҳофаза қилувчи органлар билан бирга “... кучли адвокатура тизимини яратиш асосий вазифамиздир”, деб таъкидлаган эди.
Шу боис янгиланган Конституциямизнинг 142-моддасида:
биринчидан, адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди, деган янги норма киритилди. Адвокатнинг касбий фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслигининг конституциявий даражада мустаҳкамланиши кучли адвокатура тизимини яратишга, шунингдек “ҳеч бир идора адвокатларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги шарт” деган ғояни тўлақонли амалга оширишга хизмат қилади.
Иккинчидан, адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан монеликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланланиши мустаҳкамланди. Мазкур прогрессив норма адвокатнинг касбий вазифаларини лозим даражада амалга оширишини кафолати сифатида ўз ҳимоясидаги шахс билан у ушланган пайтдан бошлаб қонунчиликда белгиланган тартибда холи учрашувлар ўтказишга ва унга турли босимларсиз ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга имкон яратади.
Учинчидан, адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлиши ва қонун билан муҳофаза қилинишига оид норма мустаҳкамланди. Бу орқали давлат адвокатлар хавфсизлигига таҳдид бўлган ҳолатларда уларнинг ҳимоясини таъминлайди, уларнинг ўз касбий мажбуриятларини бажаришлари учун зарур бўлган барча ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланишларига имкон яратади. Мазкур қоидалар адвокатнинг шахси дахлсизлигини кафолатлаш ҳамда адвокат фаолиятига нисбатан ноқонуний аралашишни таъқиқлаш орқали унинг касбий фаолияти эркинлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бундай нормалар Австрия, Болгария, Финляндия каби мамлакатларнинг конституцияларида ҳам назарда тутилган.
Конституцияга киритилган ушбу нормалар адвокатуранинг жамиятдаги нуфузини оширишга, одил судловга эришишда тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлиги принципини мустаҳкамлашга, суд ва тергов жараёнида адвокатлар ваколатларини тўлақонли амалга оширишга, пировардида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Жавоб: Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган устувор ғоядан келиб чиқиб, фуқароларнинг мамлакат бошқарувида янада кенг иштирок этишини таъминлаш мақсадида сайлов қонунчилиги изчил такомиллаштириб борилмоқда.
Амалдаги Конституцияда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир
ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмаслиги мустаҳкамланган.
Эндиликда, Конституциямизга киритилган 128-моддага кўра, “Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди”.
Мутахассислар қайд этишича, муомалага лаёқатсизлик ҳар доим ҳам ўз ҳатти-ҳаракатларини англай олмаслигини билдиравермайди. Шу боис, Бельгия, Чехия, Венгрия, Португалия, Словения, Мальта, Эстония, Лихтенштейн каби давлатлар тажрибасига кўра, суд муомалага лаёқатсиз деб топиш масаласини индивидуал тарзда кўриб чиқиб, шахсни сайлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар қандай муомалага лаёқатсиз шахс эмас, балки суднинг муомалага лаёқатсиз деб топган қарори асосида сайлов ҳуқуқларидан маҳрум этилган фуқаролар сайловда иштирок этмаслиги мустаҳакамланди. Яъни суд сайловда онгли қатнаша олиш ёки олмаслигига шахснинг реал ҳолатидан келиб чиқиб, баҳо беради ва маҳрум қилиши мумкин.
Бундан ташқари, Германия, Франция, Австралия, Греция, Италия, Польша, Португалия, Руминия, Нидерландия, Норвегия каби давлатлар тажрибасига кўра, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларнинг сайлов ҳуқуқини фақат суд қарори билан чеклаш амалиёти йўлга қўйилган.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган инсонпарвар сиёсат асосида Конституцияга оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайлов ҳуқуқини чеклаш институти ўрнига фақат суд қарори билан сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилиш институти жорий этилмоқда.
Ушбу ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлаш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқларни янада кафолатлашга хизмат қилади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган ҳамда оғир ва ўта оғир жиноят содир қилган шахслар ҳам сайлашда қатнаша олиши Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган устувор ғоя реал ҳаётда амалга ошаётганини яна бир бор кўрсатиб беради.
Жавоб: Инсон манфаатлари ва халқ фаровонлиги йўлида давлат томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ўзиниг молиявий таъминотини талаб этади, бу энг аввало, давлат бюджети орқали амалга оширилади. Уларнинг мақсадли сарфланишини таъминлаш эса – энг асосий вазифлардан биридир. Бунда фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларини томонидан Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш фаолияти устидан назорат амалга ошириб борилиши муҳим аҳамият касб этади
Шу боис, янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилган 148-моддага кўра, “фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади”.
Бугунги кунда мамлакатимизда ривожланаётган “Очиқ бюджет” давлат сиёсати, бюджет устидан жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш
ва бу борада тўлиқ ахборот олиш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Хусусан, Давлат бюджетига оид ахборотларни жойлаштиришни назарда тутувчи “Очиқ бюджет” портали ишга туширилди, “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашри чоп этилиши йўлга қўйилди, бошқа турли каналлари жорий этилди, 2019 йилдан бошлаб бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштирокининг туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтиришни назарда тутадиган механизм жорий этилди.
Мазкур норма билан жамоатчилик назоратининг механизмларини фойдаланган ҳолда бюджет жараёнини очиқлиги таъминлашнинг конституциявий асослари мустаҳкамланди. Жумладан, давлат бюджети устидан жамоатчилик назоратига оид нормалар АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Франция каби конституцияларида ҳам назарда тутилган.
Янги Конституцияда белгиланаётган нормалар юқорида қайд этилган ишларнинг мантиқий давоми сифатида давлат бюджетини шакллантириш, уни даромад ва харажат қисмларини белгилаш, ижросини таъминлашда фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш, уларга бу жараёнда фаол қатнашиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун тегишли ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар ва кафолатлар яратади.
Давлат бюджетидан мақсадли фойдаланишни таъминлаш эса, аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига зарур ёрдам кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорликни ва умуман, давлат ва жамиятни ҳаётининг бошқа барча соҳаларида самарадорликни таъминлашга хизмат қилади.
Жавоб: Иқтисодий ўсиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашда ҳал этувчи омиллардан бири давлат бюджети маблағларини натижага йўналтирилган ҳолатда сарф этилиши, бунга эса фақатгина очиқлик ва шаффофлик принципларга амал қилиш орқали эришиш мумкиндир.
Шу боис, Конституциямиз 148-модда билан тўлдирилди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилади, деган норма белгиланди.
Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этишдаги очиқлик
ва шаффофлик принципларига амал қилиш конституциявий қоидасининг аҳамияти шундаки, биринчидан, Давлат бюджетини шакллантириш, кўриб чиқиш ва қабул қилиш тартиб-таомилларининг жамият ва оммавий ахборот воситалари учун очиқлигида, шунингдек бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирок этишида; иккинчидан, тасдиқланган Давлат бюджети ва унинг ижроси тўғрисидаги ахборотни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишида намоён бўлади.
Шунингдек, Давлат бюджети лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши ва кейинчалик Олий Мажлис ва маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари томонидан кўриб чиқилиши ва қабул қилиниши, уларни тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиб борилиши, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назоратни олиб борилиши ҳам очиқлик ва шаффофликни таъминлайди.
Бу каби талаблар Халқаро валюта фонди, Иқтисодий хамкорлик ва тараққиёт ташкилот тавсияларида ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, Австрия, Бельгия каби давлатларда конституцияларида ҳам бюджет шаффофлиги оид нормалар белгиланган.
Ушбу ўзгаришлар бюджет харажатлари устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга, мазкур йўналишда коррупцион омилларни камайишига, мамлакат молиявий тизимига аҳоли ишончини кучайишига, макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Пировардида, Давлат бюджети маблағларини янада адолатли тақсимланишини ҳамда халқ ва фуқаро манфаатлари йўлида мақсадли ва самарали равишда сарфланишини таъминлайди.
Жавоб: Янгиланган Конституциямизнинг 151-моддасида Марказий банк мақомини мустаҳкамловчи қуйидаги нормалар белгиланди:
биринчидан, “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул-кредит ва валюта сиёсатини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади”, деган норма орқали Марказий банкнинг мақсад ва вазифалари аниқ белгиланди. Бозор иқтисодиётида нарх барқарорлигини таъминлаш энг долзарб масала ҳисобланиб, унинг ҳал этилиши иқтисодий ўсишга замин яратади.
Иккинчидан, “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банклар фаолиятини тартибга солишни амалга оширади, банк ва тўлов тизимларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлайди”, деган янги норма белгиланди.
Амалдаги Конституцияда Марказий банкнинг банк тизимини тартибга солиш йўналишлари аниқ белгиланмаган эди. Эндиликда ушбу бўшлиқнинг бартараф этилиши натижасида тижорат банклари томонидан аҳолига банк хизматларини кўрсатишда назорат функцияларига аниқлик киритилиб, аҳоли ва бизнес вакилларининг банклардаги жамғармаларини сақлашда хавфсизлик кафолатлари кучайтирилмоқда. Зеро, ишончли банк ва тўлов тизимлари бутун иқтисодиётнинг барқарор фаолятини таъминлашга асос бўлади.
Учинчидан, “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз вазифаларини бажаришда мустақилдир”, норма киритилди. Бу эса Марказий банк мустақиллигини Конституцияда белгилаш орқали пул-кредит ва валюта сиёсати самарадорлигини оширади. Пировардида нархлар ва банк тизими барқарорлиги таъминланади. Охирги юз йилда марказий банклар мустақиллиги юқори даражада таъминланган давлатларда иқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсиш сезиларли бўлган. Шундан келиб чиққан ҳолда, Марказий банк фақат Олий Мажлис Сенатига ҳисобдорлиги қатъий белгиланди.
Тўртинчидан, “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини ташкил этиш тартиби қонун билан белгиланади”, деб мустаҳкамланди. Ушбу ҳаволаки норма Марказий банкнинг мақоми, ташкилий-ҳуқуқий асослари, фаолияти фақат қонун билан белгиланишини назарда тутади.
Мазкур қоидалар Венгрия, Озарбайжон, Миср каби давлатлар конституциялариида ҳам мавжуд.
Киритилган ушбу нормаларнинг аҳамияти шундаки, Марказий банк фаолияти асосларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб, унинг нуфузи ҳамда масъулиятини оширади.
Жавоб: Давлатчиликнинг муҳим белгиларидан бири – бу миллий валютадир. Ҳар қандай давлат ҳудудида ушбу мамлакатнинг миллий пул бирлиги ягона тўлов воситаси бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги сўм, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона чекланмаган қонуний тўлов воситасидир.
Ўзбекистоннинг миллий валютаси сўм 1994 йилнинг 1 июль санасида илк маротаба муомалага киритилган. Ўзбекистон Республикаси пул белгиларининг номинал қиймати Марказий банк томонидан белгиланади. Бугунги кунда мамлакатимизда 500, 1000, 5000, 10000, 20000, 50000, 100000, 200000 сўмлик қоғоз пуллар, шунингдек, турли номиналдаги танга пуллар ҳам муомалада амалда бўлиб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг маълумотларига кўра,
2022 йил январь-сентябрь ойларида нақд пул айланмаси 503,0 трлн сўмни ташкил этган ва бу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 39,3 фоизга ошган.
Миллий валютанинг иқтисодиёт ва иқтисодий-ижтимоий ҳаётидаги ўрнидан келиб чиққан ҳолда янгиланган Конституциямизнинг 150-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги сўмдир. Сўм Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона чекланмаган қонуний тўлов воситасидир.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида қонуний тўлов воситалари сифатида пул белгиларини муомалага киритишда ва уларни муомаладан чиқаришда мутлақ ҳуқуққа эгадир”, деган норма белгиланди.
Мамлакатимиз ҳудудида қонуний тўлов воситаси бўлган сўм фақат Марказий банк томонидан эмиссия қилиниши қатъий ҳимоя остига олинган. Аҳолининг жамғармалари, даромадларини турли иқтисодий бўҳронлардан ҳимоялаш нуқтаи назаридан миллий валютанинг барқарорлигини ва хавфсизлигини таъминлаш ҳам Марказий банкнинг қатъий мажбуриятларидан бири бўлиб, ушбу пул белгилари унинг барча активлари билан таъминланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 176-моддасида қалбаки пул ясаш ва уни ўтказиш жавобгарлик назарда тутилган.
Таъкидлаш лозимки, хорижий мамлакатлар, хусусан Испания, Чили, Финляндия ва бошқаларнинг конституцияларида ҳам миллий валютанинг ҳуқуқий режимини белгиловчи нормалар ўз ифодасини топган.
Конституцияга мазкур нормани киритилиши миллий валюта – сўмнинг конституциявий мақомини белгилашга, давлатнинг монетар сиёсатини самарали амалга оширишга хизмат қилади.