Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан билан йўллаган табригида “Асосий қонунимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш” давр талаби эканлиги қайд этилган эди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 9 мингга яқин нодавлат нотижорат ташкилотлар, 9 мингдан ортиқ ўзини ўзи бошқариш органлари фаолият юритмоқда.
Фуқаролик жамияти институтлари тушунчаси илмий адабиётларда келтирилган бўлиб, лекин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мазкур институтнинг тушунчаси берилмаган, улар фаолиятига оид ҳуқуқий кафолатлар белгиланмаган эди. Жаҳон банкининг “Фуқаролик жамияти ташкилотлари билан маслаҳатлашув” кўрсатмасида “фуқаролик жамияти институти” тушунчасини қўллаш тавсия қилинган.
Янгиланган Конституциямизнинг 69-моддасида “фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади”, деган норма мустаҳкамланди.
Фуқаролик жамияти мамлакатда демократия, ҳуқуқий давлат ва шахс эркинликларини таъминлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади. Улар жамият аъзоларининг фуқаролик фаоллиги, миллий ўз-ўзини англаши, сиёсий маданияти ва юксак маънавиятини юксалтиришга кўмаклашиш, мустақил фикрлаш, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш, ўз келажагини ўз хоҳиши билан қуриш истагини шакллантиришга қаратилган.
Табиийки, ушбу институт вакиллари бугунги ва эртанги кунимизга ҳар қачонгидан-да масъулият билан қарайдиган, халқимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқаришда амалий ишлари билан ёрдам беришга шай ташкилотлар мажмуаси сифатида жамоатчилик назоратини амалга оширишда ишончли ҳамкор бўла олади.
Мазкур норманинг Конституцияда белгиланиши фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятини бевосита тартибга солувчи ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига доир қонунчилик ҳужжатларининг тизимлаштиришга хизмат қилиб, босқичма босқич давлат функцияларини ушбу институтларга бериб бориш орқали уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга туртки бўлади.
Жавоб: Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш, виждон эркинлиги ҳуқуқини кафолатлашнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Кўп миллатли юртимизда ўзаро дўстлик муҳитини яратиш, диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик принципларини қарор топтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат ўзаро ҳамжиҳатликда аҳил-иноқ яшаб келмоқда, 16 та конфессиянинг 2,3 мингдан зиёд диний ташкилотлари ўз фаолиятини олиб бормоқда. “Жаҳолатга қарши маърифат” ғоясини амалга оширишга, диний таълим ва маърифат тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Виждон эркинлиги
ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди.
Бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар дунё миқёсида ҳам муносиб эътироф этилиб, диний бағрикенгликнинг намунали модели сифатида баҳоланмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг диний эркинликлар соҳасида алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар рўйхатидан чиқарилганлиги, БМТ Бош Ассамблеясининг мажлисида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг қабул қилинганлиги бунга яққол мисолдир.
Мамлакатимизда диний бағрикенглик принципини қарор топтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратиш мақсадида янгиланган Конституциямизнинг 75-моддаси давлат қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлайди, деган норма билан тўлдирилди.
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ҳам “ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқ ўз ихтиёри билан ўзига маъқул динни қабул қилиш ва эътиқод қилиш эркини, якка ҳолда, шунингдек бошқалар билан биргаликда, ошкора ёки хусусий тартибда ибодат қилиш, диний ва бошқа урф-одатларни ва маросимни бажариш эркини ҳам ўз ичига олади”деб белгиланган.
Мазкур янги конституциявий норма, нафақат фуқароларимизнинг виждон эркинлиги кафолатларини кучайтиришга, балки мамлакатимизда барча диний ташкилотлар ўз фаолиятини эркин амалга ошириши учун ҳуқуқий кафолатларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Бу эса, диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини асраш, уни турли нотўғри қарашлардан соф ҳолда сақлаш, қолаверса диннинг маънавий-маърифий салоҳиятидан жамиятдаги барқарорлик, ижтимоий ҳамкорлик, конфессиялараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда фойдаланиш учун замин яратади.
Жавоб: Никоҳ – икки жинс вакилларининг ўзаро розилиги асосида тузилган иттифоқ бўлиб, оиланинг вужудга келишида бирдан-бир асос бўлгани боис у фақат ахлоқ нормалари билан эмас, балки махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Бугунги ахборот жамияти, глобаллашув, сиёсий-маънавий таҳдидлар, ижтимоий-демографик муаммолар контекстида оилавий қадриятлар ва анъаналарни ривожлантириш, авлодлар ўртасидаги ворисликни таъминлаш, уларни миллий маънавий-ахлоқий қадриятлар асосида бирлаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Шу муносабат билан, янгиланган Конституциянинг 76-моддасида никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятлари, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланишига оид норма белгиланди.
Мазкур норма қуйидаги жиҳатлари билан аҳамиятлидир:
Биринчидан, Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ташкил этишини ҳисобга олган ҳолда никоҳ тузишда мамлакатимизда истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва анъаналари, оилавий қадриятлари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.
Иккинчидан, никоҳнинг Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига асосланишини мустаҳкамлаш орқали унинг энг муҳим маънавий-ахлоқий талаб белгиланди. Оилавий қадриятлар – ҳар бир оилага хос бўлган, оила учун устувор ҳаётий мақсадларни белгилайдиган, оила аъзолари ўртасидаги муносабатларни ташкил этадиган ва унинг ҳаётига таъсир қилувчи ғоялар тўпламидир. Халқимизнинг анъанавий оилавий қадриятлари – меҳнатсеварлик, садоқат, самимият, ишонч, ватанни севмоқлик, адолат, поклик, тўғрилик сингари фазилатлар шахсий намуна сифатида ота-она орқали фарзандга берилишида намоён бўлади.
Шу билан бирга, оилавий муносабатлар, хусусан никоҳ тузилиши тартиби нафақат Конституция, қонунларимиз, шу жумладан Оила кодекси билан ҳам тартибга солинади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига кўра, оилавий муносабатлар эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи асосида амалга оширилади.
Ўхшаш нормалар Италия, Бразилия, Португалия, Ирландия, Миср каби давлатлар конституцияларида белгиланган.
Мазкур норманинг киритилиши жамият ҳаётида анъанавий оилавий қадриятларнинг ўрни ва аҳамиятини оширишга, уларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишга ва оила институтини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жавоб: Ўзбекистонда азал-азалдан оила ва фарзанд юксак қадрланади. Шу маънода, ота-оналар зиммасига болаларни жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялашга, таълим беришга оид масъулият юклатилган.
Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 77-моддасида ота-оналар билан бирга уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлигини мустаҳкамловчи янги норма белгиланди. Ушбу норма Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларига тўла мувофиқдир.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига қуйидаги мажбуриятлар алоҳида белгилаб берилди:
Биринчидан, ота-оналар ўрнини босувчи шахслар киритилиши билан вояга етмаганларга масъул бўлган шахслар доираси кенгайтирилди. Вояга етгунга қадар етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унга ғамхўрлик кўрсатиш мақсадида ҳомий ёки васий этиб тайинланган шахслар ота-оналар ўрнини босувчи шахслар ҳисобланади. Уларнинг зиммасига болаларга ўз фарзандидек муносабатда бўлиб, уларни кўз-қорачиғидек асраш, ҳаётда ўз ўрнини топиш учун таълим-тарбия бериш мажбурияти конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланди.
Иккинчидан, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг фарзандлари олдидаги вазифалари кенгайтирилди. Амалдаги Конституцияда ота-оналар фарзандларини вояга етгунларига қадар фақат боқиш ва тарбиялашга мажбур эди. Эндиликда, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар фарзандларини боқиш ва тарбиялаш билан бирга, уларнинг таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари белгиланди.
Бундан мақсад фарзандлар таълим ва тарбиясида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширишдир. Афсуски, ҳаётда болаларга таълим-тарбия бериш, моддий таъминлаш, ҳимоя қилиш, уларнинг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилмайдиганлар ҳам учрайди. Бундай шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жавобгарликка тортилиши мумкин.
Ушбу норманинг киритилиши натижасида фарзандликка олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилишни кучайтиришга, вояга етмаганларнинг таълим олиши, соғлом ва баркамол ривожланиши бўйича қўшимча кафолатлар яратилишига ва энг муҳими, фарзандларни баркамол этиб вояга етказишда ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.
Жавоб: Болалар – келажагимиз эгалари экан, уларнинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш зарурдир. Шу боис мамлакатимизда болаларнинг манфаатларини биринчи навбатда таъминлаш принципи асосида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Болаларни доимий равишда давлат ҳимояси ва ғамхўрлиги остида бўлишини таъминлаш мақсадида янгиланган Конституциямизнинг
78-моддасига “боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир”, деган мазмундаги норма киритилди.
Аслида “бола” деганда кимни тушунишимиз керак? БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва миллий қонунчилигимизга мувофиқ,
18 ёшга тўлгунга қадар бўлган шахс – бола ҳисобланади. Агар шунга асосланадиган бўлсак, бугун юртимиз аҳолисининг қарийб 12,1 млн нафар болалардан иборат бўлиб, улар мамлакатимиз аҳолисининг 35%ни ташкил этмоқда. Конвенциянинг 3-моддасида “болаларга нисбатан амалга ошириладиган барча ҳаракатларда, улар давлат ёки хусусий ижтимоий ҳимоя муассасалари, судлар, маъмурий ёки қонун чиқарувчи органлар томонидан амалга оширилишидан қатъи назар, боланинг энг яхши манфаатлари биринчи навбатда эътиборга олинади”, деб белгиланган. Болалаларнинг манфаатларини таъминлаш борасидаги мазкур янги конституциявий нормалар юқоридаги Конвенция қоидаларига ҳам мосдир.
Мазкур конституциявий нормага мувофиқ эндиликда давлат:
– болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳимоя қилиш учун қонунчилик ва амалиётни такомиллаштиради,
шу орқали нафақат болалар билан боғлиқ суд жараёнлари, балки таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳаларда болаларнинг энг яхши манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлайди;
– болаларнинг жисмоний ривожланиши учун ҳар бир шаҳар, туман, маҳалла ва мактабда спорт майдончаси ёки спорт залини ташкил этиш, турли спорт тўгаракларининг самарали фаолиятини йўлга қўйиш каби чораларни кўради;
– болаларнинг ақлий ривожланиши учун мактаб ва мактабгача таълим сифатини яхшилаш, болаларга мўлжалланган адабиёт, ўқув ва мультимедиа, Интернет дастурларини тайёрлаш, кутубхоналарининг китоб фондини бойитиш, илмий-техник тўгаракларни кўпайтириш, педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш каби тадбирларни амалга оширади;
– болаларнинг маданий ривожланиши учун уларга мўлжалланган санъат тўгаракларини фаоллаштириш, театр ва концерт репертуарларини кўпайтириш, музей ва маданий кўргазмаларга мактаб ўқувчилари учун киришни бепул қилиш каби шароитларни яратади.
Мазкур нормани Асосий қонунга киритилиши юртимиз келажаги бўлган болаларни соғлом, зукко, зеҳнли бўлиб улғайиши учун барча шарт-шароитларни яратишга, уларнинг қобилият ва имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Жавоб: Келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши ҳисобланади.
Қонунчилигимизга мувофиқ ёшларга – 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар киради. Ўзбекистонда ёшларнинг сони бугунги кунда 9,6 млн ошмоқда, яъни мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизга яқинини ташкил этмоқда.
2016 йилда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, 2020 йилда Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди ҳамда 30 июнь – “Ёшлар куни” деб эълон қилинди.
Янгиланган Конституциямизнинг 78 ва 79-моддалари ёшларга оид алоҳида нормалар билан тўлдирилди. Уларга мувофиқ:
биринчидан, давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий ва маънавий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади, деган норма киритилди. Ушбу норма жамиятнинг тинчлиги, якдиллиги ҳамда давлатнинг барқарор ривожи учун муҳимдир, ва аксинча, айнан ушбу вазифага эътиборсизлик жамият, миллат ва халқнинг таназулига, давлатнинг парчаланишига йўл очади.
Иккинчидан, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради, деган норма мустаҳкамланди. Биз демократик, ҳуқуқий давлат қуришга интилар эканмиз, бунга келажагимиз бўлган ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмасдан туриб, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокини таъминламасдан туриб, ҳеч қачон эриша олмаймиз.
Учинчидан, давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жой, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароит яратади, деган норма киритилди.
Ёшларимизнинг ҳар томонлама ривожланиши учун уларга тегишли имкониятлар, яъни соғлом ва уй-жойли бўлиш, таълим олиш, ишга жойлашиш, банд бўлиш ва дам олиш имкониятларини яратиш зарурдир. Давлат бу борада тегишли шарт-шароитларни яратиш бўйича мажбурият олмоқда, чунки мазкур нормалар, нафақат ёшларимиз манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг фаровон тақдири учун муҳимдир.
Жавоб: Фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда очиқлик ва ошкоралик, қонунийлик муҳитини мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари (ОАВ) муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев “Оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўз фаолиятини қонун доирасида эркин амалга оширишига тўсқинлик қилиш – бу демократик ислоҳотларимизга қарши ҳаракат, мамлакатимизнинг обрўсига путур етказиш сифатида баҳоланиши керак”, деб таъкидлаган эди.
Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 81 ва 82-моддаларида ОАВ билан боғлиқ қуйидаги нормалар мустаҳкамланди:
биринчидан, давлат ОАВ фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди, деб белгиланди. Мазкур норма ОАВнинг ахборотни излаш, олиш, фойдаланиш ва уни тарқатиш ҳуқуқининг кафолатланиши жамиятнинг ишончли ахборотга бўлган эҳтиёжларини тўлароқ қондиришга, аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятининг ривожланишига хизмат қилади;
иккинчидан, ОАВнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади, деган муҳим норма ўрнатилди. Ушбу норма ОАВнинг ва журналистларнинг эмин-эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлайди ҳамда жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитининг ривожланишига шароит яратади.
Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонунига кўра, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари цензура қилганлик, журналистга тазйиқ ўтказганлик, унинг фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликка тортиладилар. Бундан ташқари, журналистнинг қонуний ҳуқуқларини бузганлик, унинг журналистлик касбига доир фаолияти билан боғлиқ ҳолда шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
ОАВнинг эркинлигига оид нормалар Германия, Австрия, Озарбайжон каби давлатлар конституцияларида ҳам мавжуд.
Ушбу нормалар мамлакатимизда ахборот эркинлигини янада кучайтиришга, пировардида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Жавоб: Депутат – халқ томонидан сайлов йўли билан ваколат берилган давлат ҳокимияти вакиллик органларида маълум муддатда фаолият юритувчи шахсдир. Депутатнинг асосий вазифаси ўз сайловчилари манфаатларини ифода этишдир. Ўзбекистон Республикасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашларига депутатлар сайланади.
Таъкидлаш лозимки, бўлиб ўтган сайловларда айрим ҳолларда сиёсий партиялар томонидан айнан бир шахсни иккита вакиллик органига депутатликка номзоди кўрсатилиб қолади ёки сайланиб депутат ҳам бўлиши мумкин. Қонунчилик палатасининг депутати ўз фаолиятини профессионал, яъни доимий асосда амалга оширади. Депутат ҳар куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига келиб Кенгаш, фракция, қўмита, комиссиялар фаолиятида ёки палата йиғилишида иштирок этади. Кўриниб турганидек, Қонунчилик палатасининг иши палата барча депутатларининг профессионал, доимий фаолият кўрсатишига асосланади.
Шу муносабат билан, янгиланган Конституциянинг 92-моддасида Қонунчилик палатасининг депутати бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас, деган қатъий норма белгиланди.
Бунинг зарурати шундаки, депутатнинг кундалик профессионал фаолияти бевосита ўз электоратининг дарди ва муаммоларини ҳал қилиш билан боғлиқ бўлиши лозим. Шу сабабли, айни бир вақтда Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашига сайланган депутат 2 та вакиллик органининг ишида иштирок этиш имкониятига эга бўлолмайди. Бу эса сайловчилар ва уни номзод этиб кўрсатган партиянинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришда тўсқинлик қилади.
Бундай норманинг киритилиши Қонунчилик палатасида ҳамда халқ депутатлари Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш вазифасидан келиб чиқади ҳамда сайловчилар билан депутатларнинг доимий ишлашини таъминлашга хизмат қилади. Фуқаролар хусусан, сайловчилар билан депутатларнинг ишлашида кўплаб қийинчиликларни келиб чиқишининг олдини олади ҳамда фаровон ҳаёт шароитларини яхшилаш фаолиятини таъминлашга, сайловчилар томонидан қилинган мурожаатларни депутатлар ўз назоратига олиб ижобий хал қилиш чораларини кўришга, аҳолининг мурожаатлари юзасидан масалалар киритиш, турли ташкилотларга депутатлик сўровлари юбориш ва сўровларнинг бажарилишини назорат қилишга хизмат қилади.
Жавоб: Мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Коррупцияга қарши алоҳида орган ташкил этилганлиги бунинг ёрқин далилдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “... Коррупцияга қарши кураш бўйича йиллик миллий маърузани муҳокама қилиш масаласини парламентимиз ваколатига киритиш лозим” деб таъкидлаган эди.
Шундан келиб чиқиб, янгиланган Конституциянинг Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари белгиланган 93-моддасида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани эшитишга оид норма белгиланди.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунга асосан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар йили Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза тайёрланиб, кўриб чиқиш учун Президент ва Олий Мажлис палаталарига киритилиши белгиланган.
Миллий маъруза кенг жамоатчилик, хусусан, давлат органлари вакиллари, мустақил экспертлар ва фуқароларимиз учун соҳада йўналишида олиб борилаётган ишлар бўйича комплекс маълумот беришга мўлжалланган. Унда ҳар йилги мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш йўналишида кўрилган превентив чоралар, хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилади. Ушбу таклиф орқали парламентнинг коррупцияга қарши курашишга дахлдор бўлган қўмиталари мазкур маърузани дастлабки тарзда ўрганади, палаталар мажлисларида муҳокама қилади.
Ушбу норма адолат ва қонун устуворлигини ғояларига таянадиган ҳуқуқий давлат принципини амалга ошириш механизми ҳисобланади. Мазкур ўзгариш келгусида мамлакатда коррупцияга қарши курашишда самарали чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга, жамият ва инсонлар ҳаётининг барча соҳаларида, хусусан, давлат бошқаруви, молия, кредит ва банк фаолияти, тадбиркорлик, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва чек қўйишга, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Жавоб: Ўзбекистон ташқи сиёсатда дунёдаги барча давлатлар билан дўстлик муносабатларини ривожлантиришга устувор эътибор қаратмоқда. Сўнгги йилларда ташқи сиёсатни мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилишда парламентнинг роли оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ваколатхоналари ўзи ишлаб турган мамлакатда ёки халқаро ташкилотда Ўзбекистон Республикасини манфаатларини ифодалаш, республика фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш мақсадида ташкил қилинади.
Шу маънода, янгиланган Конституциямизнинг
95-моддасида Президенти тақдимига биноан чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш, шунингдек уларнинг
ўз фаолияти масалалари бўйича ҳисоботларини эшитишга оид қоида киритилди.
Мазкур нормалар Асосий қонунга нима сабабдан киритилмокда?
Биринчидан, амалдаги таҳрирда чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш назарда тутилган бўлиб, бунда “дипломатик ва бошқа вакиллари” тушунчаси жуда кенг ҳисобланади. Шу сабабли, Сенат томонидан фақат чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларини лавозимга тайинланиши ва лавозимидан озод этилиши аниқ белгилаб берилмоқда.
Иккинчидан, парламентнинг назорат ваколатларини кенгайтириш бўйича Сенат томонидан дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш ҳам аниқ белгиланди. Мазкур норма ўз фаолияти ҳақида ваколатхоналар раҳбарларининг ахборотини Сенатда эшитиш ва муҳокама қилишга асос бўлади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг чет давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари сони 55 та бўлиб, шулардан: элчихоналар – 37 та, бош консулликлар – 17 та, консуллик – 1 та, доимий ваколатхоналар – 3 та.
Мазкур норма Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги обрўси ва ижобий имиджини мустаҳкамлашга, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, хорижий давлатларда яшаётган, ишлаётган ва ўқиётган ватандошларимиз билан алоқаларни ривожлантиришга имкон беради.