Жавоб: Ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд аҳолини ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун тўсиқсиз муҳит яратиш ва жамиятга интеграциясини таъминлаш ижтимоий давлатнинг муҳим вазифаси ҳисобланади.
Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларига ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар, ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар ҳамда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар киради.
Шу боис, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларига мувофиқ янгиланган Конституциямизнинг 57-моддасида қуйидаги қўшимчалар киритилди:
биринчидан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги белгиланди. Амалдаги Конституциямизда ушбу ҳимоя фақат вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларга татбиқ этилар эди, эндиликда ушбу рўйхат кенгайтирилмоқда;
иккинчидан, давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради, деган кенг қамровли норма киритилди. Ушбу норма билан аҳолининг юқоридаги тоифаларига имтиёзли уйлар бериш, бепул тиббий жиҳозлар, протез-ортопедия буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, етим болалар учун олий таълимда бепул ўқиш имкониятини яратиш, пенсия ва нафақалар билан таъминлаш, ижтимоий хизматлар тури ва сифини ошириш чораларини кўриш давлатнинг конституциявий мажбуриятига айланмоқда;
учинчидан, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур ахборотни монеликсиз олиш имкониятини таъминлайди, деган инсонпарвар норма мустаҳкамланди. Бу эса давлатга ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданият марказлари, кино ва концерт заллари, цирк, театрларга кириш, шунингдек давлат хизматлари, тиббий, ижтимоий хизматлардан фойдаланишда имтиёзлар, қулайликлар яратиш, уларни имтиёзли асосда ишга жойлашиш ва таълим олишлари учун ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўриш мажбуриятини юкламоқда.
Пировардида, ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишларига ёрдам бериш, ҳаётидан розилигини оширишга хизмат қилади.
Жавоб: Жамият ва давлат ҳаётида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини, шунингдек, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 58-моддасида “Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”, деган норма мустаҳкамланди.
Халқ фаровонлиги, тинчлиги ҳамда иқтисодий барқарорликда эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги муҳим ўрин тутишини эътиборга олсак гендер тенгликни таъминлаш вазифасини давлат зиммасига юклатилиши барқарор ривожланишнинг зарур талабидир. Шу каби нормалар Германия, Ирландия, Италия каби давлатлар конституцияларида ҳам мавжуд.
2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясига кўра, гендер тенглик бу – сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, маданият, таълим, илм-фан, спорт ва бошқа соҳаларда хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларининг тенглигини таъминлашдир.
Жамият ва давлат ишларини бошқаришда гендер тенгликни таъминланиши хотин-қизларнгинг сиёсий фаоллигини ошириш, қонунлар ва турли қарорлар қабул қилинишида иштирокини янада кенгайтириш имкониятини беради. Масалан, ҳозирда бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши
33 фоизни, Олий Мажлисда эса 32 фоизни ташкил этади.
Бундан ташқари, гендер тенглик таълим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик, ижод қилиш, маданият соҳаларида ҳам таъминланиши хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширади. Айни вақтда ҳам хотин-қизларнинг улуши соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 82 фоизни, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳаларида 72 фоизни, саноатда 38 фоизни, тадбиркорликда 35 фоизни, олий таълимда 46 фоизни ташкил этиши ҳам соҳалар ривожидаги эгаллаган муносиб ўрнидан далолатдир.
Ҳар қандай халқнинг етуклик даражасини, аввало, аёлларнинг илмий-маданий камолоти белгилаб беради. Шу боис, уларнинг таълим олишлари, илм-фан билан шуғулланишлари учун шароит яратиш давлатнинг алоҳида вазифасига айланди. Натижада, биргина 2022 йилда олий ўқув юртларига қабул қилинган талабаларнинг 49,9 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.
Мазкур норманинг киритилиши хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, уларни давлат ҳокимиятидаги лавозимларига кенгроқ жалб этиш имкониятини яратади. Халқ фаровонлиги, жамият тинчлиги ҳамда иқтисодий барқарорликда эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги муҳим ўрин тутишини эътиборга олсак гендер тенгликни таъминлаш вазифасини давлат зиммасига юклатилиши барқарор ривожланишнинг зарур талабидир.
Жавоб: Ўзбекистон – бетакрор тарихий обидалар, маданий мерос объектларига бой ўлка бўлиб, бугунги кунда республика бўйича 8 210 та моддий-маданий мерос объектлари мавжуд.
Бундан ташқари, маданий мерос объектлари Ўзбекистон туризм салоҳиятининг етакчи йўналиши бўлиб, сайёҳларнинг аксарияти энг аввало тарихий обидаларимизни кўриш учун ташриф буюради.
Мамлакатимизда 200 дан ортиқ халқаро сайёҳлик йўналишларининг 150 дан ортиғи айнан тарихий-маданий мерос объекти билан боғлиқлиги ҳам бежиз эмас. Шу боис, уларни келажак авлодларга безавол етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Амалдаги Конституциянинг 49-моддасида маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир, деган норма белгиланган.
Маданият ёдгорликлари деганда маданий мероснинг бир қисми тушунилади. Бироқ, миллий қонунчилигимизда нафақат маданият ёдгорликлари, шу билан бирга, тарихий, маънавий, маданий ва табиий мерос ҳам давлат томонидан муҳофаза қилиниши, улардан оқилона фойдаланилиши назарда тутилмаган. Шу каби талаблар “Маданий ифода шаклларининг хилма-хиллигини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги, “Номоддий маданий меросни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Конвенцияларда мустаҳкамланган.
Шу муносабат билан янгиланган Конституциямизнинг 61-моддасида “Тарихий, маънавий, маданий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади”, деган норма белгиланди.
Мазкур норма тарихий, маънавий, маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш ҳамда ундан самарали фойдаланиш бўйича давлатнинг конституциявий мажбуриятларини кенгайтиришга асос бўлади.
Шунингдек, мазкур ўзгартишнинг киритилиши дунё тамаддунида муносиб ўринга эга бўлган шонли кўп мингйиллик тарихимизни ўрганиш, маънавий ва маданий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ҳамда Ўзбекистоннинг табиий меросини асл ҳолида сақланишига ва келажак авлодларга безавол етказишга хизмат қилади.
Жавоб: Солиқлар – жисмоний ва юридик шахслар томонидан давлат бюджетига ёки давлат мақсадли жамғармасига тўланадиган мажбурий беғараз тўлов ҳамда Давлат бюджетининг асосий манбаи ҳисобланади.
Бозор иқтисодиёти шароитида давлат ички ва ташқи вазифаларини, турли ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган маблағларнинг асосий қисмини солиқлар ташкил қилади.
Солиқларни ўз вақтида тўлаш ҳар бир шахснинг муҳим конституциявий бурчи ҳисобланади. Зеро, тўланган солиқлар ҳисобидан мактаб, боғча, шифохоналар, йўллар каби ижтимоий объектлар барпо этилади, ногиронлар ва ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли моддий қўллаб-қувватланади.
Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 63-моддасига “Солиқлар ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак”, деган норма киритилди.
Солиқ солиш адолатли бўлиши деганда, солиқлар камситиш хусусиятига эга бўлмаслиги ҳамда ижтимоий, ирқий, миллий, диний ва бошқа шу каби мезонлардан келиб чиққан ҳолда қўлланилиши мумкин эмаслигини англатади. Қолаверса, мулкнинг шаклига, жисмоний шахсларнинг фуқаролигига ёки капиталнинг келиб чиқиш мамлакатига қараб фарқланган солиқ ставкаларини, солиқ имтиёзларини ёки бошқа афзалликларни белгилашга йўл қўйилмайди.
Халқаро солиқ амалиётида камситмаслик принципи Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Даромад ва капиталга солиқлар тўғрисидаги намунавий Конвенциясида, икки томонлама солиққа тортишни олдини олиш бўйича халқаро шартномаларда ўз ифодасини топган.
Шу билан бирга, солиқ муносабатлари соҳасида камситмаслик принципи ҳам ўз чегараларига эга. Иқтисодий аҳволи турлича бўлган солиқ тўловчилар учун табақалаштирилган солиқ солишни белгилаш камситиш ҳисобланмайди, яъни иқтисодий ва бошқа камситмайдиган асослар бўйича фарқлашга йўл қўйилади. Масалан, ногиронлиги бўлган шахслар, ўзини-ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзларининг белгиланиши бунга ёрқин мисол бўлади.
Мазкур норманинг киритилиши барча солиқ тўловчиларнинг қонун олдида тенглигини таъминлашга, солиқларни йиғиш даражасини ошишига, тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Жавоб: Бозор иқтисодиётини самарали амал қилиши учун етарли иқтисодий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, рақобатни ҳимоя қилиш, шу билан бирга инфляция, ишсизлик, монополия каби бозорнинг салбий оқибатларини бартараф этиш давлатнинг муҳим вазифаларини ташкил этади.
Конституция миллий иқтисодий тизимнинг фундаментал асосларини белгиловчи энг муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 65-моддасида иқтисодий сиёсат мазмунини аниқлаштириш ва бойитишга қаратилган қуйидаги ўзгартиришлар назарда тутилмоқда:
Биринчидан, “Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади”, деган норма Ўзбекистон Республикасини ижтимоий давлат сифатида белгиланиши билан узвий боғлиқликни ташкил этади.
“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган асосий мақсадни амалга оширишга қаратилган ушбу вазифани Конституцияда белгиланиши доимий иқтисодий ўсишни таъминлаш орқали аҳоли учун ҳар томонлама фаровон турмуш шароитларни яратишни назарда тутади. Ўз навбатида, аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида қилинган ҳар қандай харажат билвосита иқтисодиёт ривожланишини ҳам таъминлайди.
Иккинчидан, миллий иқтисодиётимизда ҳақиқий бозор муносабатларини жорий этиш, шу асосда мамлакатимизни тараққий эттириш учун тадбиркорларга буён ҳам барча шароитларни яратиш давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишига айланиши лозим.
Шу маънода, янгиланган Конституциянинг 65-моддасига “давлат бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратади”, деган қоиданинг киритилиши билан иқтисодиётни тартибга солиш бўйича давлатнинг бош вазифалари белгиланди.
Ҳақиқий бозор муносабатлари – иқтисодий эркинликни, давлат аралашувини чеклашни, мулк дахлсизлигини ва барча соҳаларда тенг ва ҳалол рақобатни талаб этади. Эндиликда ушбу вазифаларни амалга ошириш давлат иқтисодий сиёсатини конституциявий мазмунини ташкил этади.
Мазкур нормани киритилиши тадбиркорларни эмин-эркин, даромадига биров “шерик” бўлишидан қўрқмасдан фаолият юритишини, давлат ва тадбиркор ўртасидаги мулоқот қонун талаби ва бозор принциплари асосида амалга оширилишини ҳамда турли имтиёзлардан холи, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини яратилишини таъминлайди.
Жавоб: Миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб этиш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш учун давлат томонидан зарур иқтисодий-ҳуқуқий шароитларни шакллантириш муҳим роль ўйнайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини ҳамда шароитларни таъминлаши лозим...” деб таъкидлаган эди.
Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 67-моддасида “Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди”, деган мазмундаги илғор ва барча давлат органлари фаолиятига баҳо беришнинг асосий мезонига айланадиган норма мустаҳкамланди.
Иқтисодиётимизга маблағ киритиш истагида бўлган ҳар қандай инвесторни қизиқтирадиган биринчи масала – тадбиркорлик фаолияти билан бемалол шуғулланиши ва фойда олиши учун яратилган шароитлардир. Шу боис, барча давлатлар ўз ҳудудида бизнес билан шуғулланиш учун жозибадор ва қулай муҳитни таъминлашга ҳаракат қилишади.
Қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити – мамлакатда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорликнинг таъминланганлиги, мукаммал ва барқарор қонунчилик базаси ва суд-ҳуқуқ тизимининг мавжудлиги, ҳалол рақобат қилиш имконияти яратилганлиги, рухсат олиш ва ҳисобдорликни чекланганлиги, адолатли солиқ тизимининг амал қилиши, энг муҳими даромадларини эркин тасарруф этишни чекланмаганлиги ҳамда инвесторлар учун имтиёз ва преференциялар тақдим этилганлиги билан белгиланади.
Сўнгги йилларда иқтисодиётимизга кириб келган хорижий инвестициялар ҳажми 10 баравар ошиб, қарийб 40 миллиард долларни ташкил этганлиги ҳам мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш борасидаги ишларнинг амалий ифодасидир.
Мазкур норманинг Конституцияга киритилиши биринчидан, мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатланти-ришга, инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлашга ва давлат тузилмаларининг масъулиятини оширишга, иккинчидан, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, хусусий мулк ҳимоясини янада кучайтиришга ҳамда инвестиция бозоридаги рақобатни ривожлантиришга хизмат қилади.
Жавоб: Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уни тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, амалдаги Конституцияда тадбиркорлик қилиш эркинлиги кафолатланади, деган норма билан чекланиб, тадбиркорларни тўлақонли фаолияти учун ҳаёт-мамот аҳамиятга эга бўлган ҳуқуқларига доир махсус норманинг белгиланганмаганлиги ҳуқуқий тизим учун “бўшлиқ” ҳисобланарди.
Эндиликда янгиланган Конституциямизнинг 67-моддасига “Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолиятининг йўналишини мустақил равишда танлашга ҳақли” деган мазмундаги том маънода асоссолувчи норманинг киритилиши орқали мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг конституциявий кафолатлари мустаҳкамланди.
Хўш, тадбиркорлик фаолиятини самарали юритишда мазкур норма қандай аҳамият касб этади?
Биринчидан, тадбиркорларни қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли эканлигини белгиланиши, даромад олиш асосий мақсади бўлган тадбиркорлар учун иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларида фаолият юритиш ҳуқуқини конституциявий кафолатлайди. Дарҳақиқат, капитал қаерда даромад олиш имконияти бўлса, шу тарафга қараб ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракатланиши шарт. Бу бозор иқтисодиётининг олтин қоидалари сирасига киради. Бунда, муайян фаолият билан шуғулланиш бўйича қонун ҳужжатларида таъқиқ қўйилмаганлиги талаб этилади.
Иккинчидан, ўз фаолият йўналишини мустақил равишда танлаш ҳуқуқи тадбиркорларга ўз бизнес стратегияларини бошқа шахсларни, давлат органи ва уни мансабдор шахсларини ўзбошимчалик билан аралашувисиз ўз хоҳиши ва манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятини беради.
Таъкидлаш лозимки, Хорватия, Эстония, Польша каби мамлакатлар конституцияларида ҳам шундай мазмундаги нормалар мавжуд.
Конституцияда киритилган мазкур қўшимчалар эркин бозор иқтисодиётини энг муҳим талабини ўзида ифода этиб, давлатни тадбиркорлик фаолиятини самарали ташкил этишга доир асосий ёндашувини белгилайди ҳамда “қонунда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятга рухсат берилади” принципи асосида тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни асосий мезонларини конституциявий даражада мустаҳкамлайди.
Бу эса ўз навбатида, тадбиркорларни эркин ва самарали фаолият юритишига, бизнес муҳитини яхшилашга, ички ва ташқи савдо ривожланишига, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали уларнинг бандлигини оширишга хизмат қилади.
Жавоб: Бозор иқтисодиётининг энг асосий принципларидан бири – бу эркин рақобат шароитида товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва капиталнинг мамлакат ҳудудида ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракатланиши ҳисобланади.
Давлат томонидан тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кафолатлаш барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, рақобат муҳитини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига тенг шароитлар яратиш асосида миллий иқтисодиётнинг рақобатдошлигини ошириш ҳамда бизнес вакилларининг ишончини янада мустаҳкамлаш имконини беради.
Қолаверса, Жаҳон савдо ташкилотининг ҳам асосий талабларидан бири – бу меҳнат ресурслари, товарлар, хизматлар ва капиталнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш ҳисобланади.
Шу сабабдан ҳам янгиланган Конституциянинг 67-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади”, деб белгилаб қўйилди.
Иқтисодий макон бирлиги деганда солиқ, пул-кредит, молия, савдо ва божхона сиёсати орқали товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишини таъминлайдиган ҳудудий макон назарда тутилади.
Тадбиркорлар ўз маблағларини тўсиқларсиз тасарруф қила олиш имконияти жуда катта аҳамиятга эга. Чунки тадбиркор олган фойдасини мамлакатдан эркин олиб чиқиб кетиш, бошқа бозорга ёки лойиҳага йўналтириш имкониятига эга бўлмаса, унинг бу мамлакат бозорида фаолият юритишидан маъно қолмайди.
Ушбу ислоҳотлар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларимизга қуйидаги кафолатларни беради, жумладан: товарлар ва хизматларнинг ҳаракатланишига тўсиқлар жорий этилмаслиги; пул ва капитал бозорларини янада эркинлаштириш ва ривожлантириб бориш; валюта бозорини либераллаштириш, киритилган инвестициялар бўйича фойдани қайтариш; шартномалар ижросини таъминлаш ва бошқалар.
Мазкур норманинг конституцион даражада мустаҳкамланиши давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан хом ашё, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини ноқонуний чеклашни олдини олишга, тадбиркорлик субъектининг қайсидир ҳудудда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтишини талаб қилишга чек қўйишга ҳамда меҳнат ресурсларининг эркин ҳаракатига замин яратади.
Жавоб: Товарлар ва хизматлар бозорида самарали рақобат муҳитини яратиш мақсадида монополияни босқичма-босқич камайтириш иқтисодиётни янада ривожлантиришнинг устувор йўналиши ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаши лозим”, деб таъкидланганди.
Амалдаги Конституцияда тадбиркорлик, иқтисодий фаолият эркинлиги белгиланган бўлса-да, айнан ушбу фаолиятни самарали фаолият кўрсатишига салбий таъсир кўрсатадиган монопол ташкилотлар фаолиятини чеклаш бўйича махсус норма белгиланмаган.
Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 67-моддасида илк маротаба “Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади”, деган қатъий норманинг киритилганлиги иқтисодиёт тармоқларида монопол фаолиятни чеклаш орқали рақобатни ривожлантиришга йўналтирилган тизимли иқтисодий-ҳуқуқий тартибга солишнинг конституциявий асосларини шаклланишига хизмат қилади.
Дарҳақиқат, иқтисодиётни ривожлантириш манфаатлари нуқтаи назаридан давлатнинг монопол фаолиятни тартибга солиш каби муҳим вазифани ўз зиммасига олиши бизнес ҳамжамиятнинг ҳам, аҳолининг ҳам манфаатига жавоб беради. Бунда қўлланилаётган энг асосий ёндашув барча бозорларда соғлом рақобат муҳитини таъминлашдан ҳамда рақобатни олиб кириш мумкин бўлган табиий монополия соҳаларига хусусий сектор учун йўл очишдан иборат бўлмоғи лозим. Шу билан бирга, юқори ижтимоий аҳамият касб этувчи соҳалардаги табиий монополиялар (масалан, нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қувур орқали транспортировка қилиш, темир йўлларда ташиш ва бошқ.) фаолиятини истеъмолчилар манфаати устунлиги нуқтаи назаридан тартибга солиниши зарур. Бундай тартибга солиш давлат томонидан нархларни ёки уларнинг энг юқори (энг паст) даражасини ўрнатиш орқали амалга оширилади.
Бундай нормалар Австрия, Болгария, Хорватия каби хорижий мамлакатлар конституцияларида ҳам ўз ифодасини топган.
Конституцияга ушбу норманинг киритилиши рақобатни ривожлантиришга, ишлаб чиқаришга янгиликларни тезкор жорий этиш орқали самарадорлигини ортишига, истеъмолчиларнинг танлаш эркинлигини кафолатли таъминлашга, товар ва хизматлар нархини асоссиз ошмаслигини ҳамда уларнинг юқори сифатда бўлишига хизмат қилади.
Жавоб: Бозор иқтисодиётига асосланган ҳар бир давлатда хусусий мулк иқтисодиётни ривожлантириш ва мамлакатни тараққий эттиришнинг асосий омиллардан биридир.
Узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистонда ерга нисбатан хусусий мулкнинг тўлақонли жорий этилмаганлиги ҳақиқий мулкдорлар қатламини етарлича шаклланмаслигига, ерни ҳақиқий товар сифатида бозор муомаласига киритилмаслигига ҳамда хорижий инвесторларни миллий иқтисодиётга нисбатан ишончини пасайишига олиб келди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказилган учрашувда “Асосий қонунимизда ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги аниқ белгиланиши лозим” деб алоҳида таъкидланганлиги қатъий сиёсий ирода намунасидир.
Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 68-моддасида илк маротаба “Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни
ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин”, деган муҳим норма мустаҳкамланди.
Мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларга тегишли ерларни уларни ўзлари томонидан хусусийлаштириб олиш имконияти яратилмоқда. Хусусан, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ фуқаро ва юридик шахслар ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин.
Ерни хусусий мулк сифатида фуқарога тегишли бўлиши унга нима беради? Хусусий мулк бўлган ер участкаси мулкдори ерни сотиш, ҳадя қилиш, айирбошлаш, гаровга қўйиш, мерос қилиб қолдириш каби ҳуқуқларни қўлга киритади. Энг муҳими, бундай ерни давлат фақат мулкдорни розилиги билан, шартнома асосида, бозор нархида жамоат эҳтиёжлари учун қайта сотиб олиши мумкин. Бир сўз билан айганда, ер “снос”га тушиб кетмайди, давлат ерни келишилган нархда сотиб олсагина, ер бегоналаштирилиши мумкин.
Шу билан бирга, ерни умуммиллий бойлик ва муҳим иқтисодий ресурс эканлигини назарда тутиб, унга хўжасизларча муносабатда бўлишни олдини олиш мақсадида моддада назарда тутилган конституциявий шартлар хусусийлаштирилган ердан самарали фойдаланишни ва уни келажак авлодларга безавол қолдирилишини таъминлайди.
Бозор иқтисодиёти ерни ҳам хусусий мулк асосида уларга тегишли бўлишини талаб этади. Шу боис, ҳеч муболағасиз ушбу норма янги Конституциямиздаги ҳақиқий инқилобий ўзгаришлардан бири сифатида мулкчилик муносабатлари ривожига хизмат қилади.